Махсус дастур

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (2)

rsz_11

Темир панжаралар ортида 16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг давоми.

Уч марта проверка (йўқлама-текширув). Бўрон ўкираяптими, жала қўйаяптими, дўл савалаяптими, фарқсиз, ҳамма очиқ майдон(плас)га чиқади. Бундай онларда тутқаноқ касаллар йиқилиб, типирчилаб қолади. Гапнинг қисқаси, диний-сиёсий маҳкум подьёмдан отбойгача оёқда. Бир лаҳза тин олсин, “онасини учқўрғондан кўрсатишади”…

Диний-сиёсий маҳкумларнинг ШИЗОга ташланмаган куни деярли йўқ.

Рўйхат бўйича… Яъни қора рўйхат бўйича…

Вақти бўлган…

Ҳаммаси юқоридан белгиланади…

Қўшиб бериш ҳам…

“Юқори” деганим, ГУИН – Жазони ижро этиш бош бошқармаси.

Унга бундай, яъни қонунга хилоф ҳуқуқни ким берган, билмайман.

ГУИНда ишлаган бир танишимнинг (ҳозир у Бекобод зонасида ўтирибди) айтишича, тепаданмиш. Тепа — Ички ишлар Вазирлигими?

Ёки…

Абадий чиқмаслар рўйхати бормиш…

Қора рўйхат…

Ойна остида турармиш…

Бу рўйхатга Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов ва яна юзлаб, ҳатто минглаб сиёсий-диний маҳкумлар кирса ажабмас.

Бошқаларни қўя турайлик. Умрида бирор гуноҳ иш қилмаган Муҳаммад Бекжонда нима айб? Мен уни яхши биламан. У тоза, беозор, камтар инсон. Дунёда бундай ҳалол кишилар кам. Шундай экан, у 16 йилдан бери нега ўтирибди, бор соғлиғидан айрилиб? Оғаси Муҳаммад Солиҳ учунми? Оғаси учун, отаси учун қамалаверса, генераллар ҳам, ҳокимлар ҳам, вазирлар ҳам, яна қанчадан-қанча казо-казолар ҳам қамалишлари керак.

Ҳар ким ўз жинояти учун жавоб бериши лозим!

Билъакс, бу Ўзбекистон қонунига зид.

Ўзбекнинг: “Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса, бировга” деган мақолига амал этишса, яхши бўлади. Бу ўринда Маҳмуд ат Замахшарийнинг бир сўзини айтиб ўтиш фойдали:

“Кимки адовату хусуматни экса, албатта, у ташвишу машаққат ўради”.

Диний, сиёсий маҳкумларнинг ШИЗОга ташланмаган куни деярли йўқ. Ҳужжатлар кўтарилса, ҳақиқат юзага чиқади. ШИЗОда тутқун ҳар куни икки марта қип-яланғоч қилиб ечинтирилади. Яланг оёқ бетон устида текширувдан ўтказилади. Бир неча марта ўтқизиб-турғизилади. Сўнг юпун уст-бошда иситиш тизимлари деярли ишламайдиган муз камераларга ёпилади. Бунинг устига, свет ҳам соатлаб, баъзан ҳафталаб ўчиб туради. Айрим камераларга (эътиқодидан қайтмаган маҳкумлар ўтирган) бот-бот хлорланган сув сепилади.

Дарчалар очиб қўйилади.

Атайлаб,

Қасддан.

Зиндонда оҳу-додингни ким эшитади?

Яна:

Қийноқ устига – қийноқ,

Ҳақорат устига – ҳақорат,

Таҳқир устига – таҳқир…

Зиндонда нолангни ким эшитади?

Эшитганда нима? Сиёсий маҳкумсан.

“Ватан хоини”сан!

“Халқ душмани”сан!…

То сени қайтармас экан,

То сени  руҳан, жисман синдирмас экан, тинч қўймайди.

Мансур, Ҳабибулло, Ғофирларга ўхшаб ўлиб қутилмасанг, қутилмайсан…

Ёки ёлғондан: “Қайтдим” деб ёзиб берасан…

Президент номига,

Ҳар мавсумда…

Қайта-қайта…

Шунда ҳам “Сен юрагингдан қайтмагансан” деб, қийноқни тўхтатишмайди. Фақат, аввалгиларига нисбатан юмшоқроқ….

ШИЗОда сени тезроқ тузалмас касалга чалинишингни исташади.

Тезроқ ўлишингни исташади…

Агарчи, мен буни Чирчиқ (64/6) зонаси мисолида айтсам ҳам, бошқа колонияларда ҳам шундай.

Этап бўлиб келувчилар бор…

Агар илдиз-илдизи билан холис текширилса:

ВИЧ,

СПИД,

Сифлис ва бошқа касалликларга атайлаб юқтирилганлар нидо қилади. Мана бундай гапни зона ичида ҳар куни эшитасиз:

“Мен 17 йилдан бери қамоқда ўтирган бўлсам, ҳеч ким билан жинсий алоқа қилмаган бўлсам, қандай қилиб ВИЧга чалинаман?”

Сангородда ҳам мен бу нолишни кўп эшитганман. ВИЧ, СПИД, СИЛ… билан касалланган хасталар айро-айро эмас, соғлом мужиклар билан аралаш-қуралаш яшашади. Ҳар баракда шундай.

Сангород – сиёсий маҳкум учун дўзахдек гап. Унинг олдида Чирчиғу (64/6) бошқа зоналар ҳолва бўлиб қолади. Ҳар куни ўлим. Ўликлар зиналар тагида врачни, моргни, эгасини, қабрни “кутиб ётади”. Оғир касалларнинг инграшлари қалбни эзади. Кўрлар, шоллар, қоқ суякка (склетга) айланиб қолган маҳкумлар кўнгилни вайрон қилади. Ўзингнинг (диний, сиёсий маҳкумнинг) кўрган  кунингга-ку маймунлар йиғлайди. Шекспир сўзи билан айтганда, унинг “Қайғу, аламлари ўликни ҳам тирилтиради”.

Ҳар бир диний-сиёсий касал (у оёқда тура олмайдиган, ўлим билан олишаётган, ҳаётдан кўз юмаётган бўлса ҳам)га расман бир қулоқни биркитиб қўяди. Норасман кўплаб каза(эчки)ларни… Ота-онасини сотишдан ҳам тоймайдиган қулоқ ундан бир қадам ҳам нари жилмайди. Унинг ҳар бир:

Ҳаракатини,
Оғзини,
Кўзини,
Қулоғини пойлайди.

“Қулоқ”сиз у:

Ҳожатхонага,
Юз-қўлини ювишга,
Овқатланишга,
Укол олишга,
Ҳаммомга,
Штабга… бора олмайди.

Бит босган палатадан остона ҳатлаб бир қадам ҳам нарига чиқа олмайди. Чиқса, уриб, тепиб, судраб, тезкор бўлимга ёки навбатчи қисмга олиб боради. Сўкиш, калтак остида “тушунтириш хати” ёзиб беради. Оқибати:

ШИЗО.

Ўлим ҳолида ётса ҳам,

ШИЗО.

Раҳм-шафқат йўқ.

Бир сиёсий тутқун атрофига кўплаб казалар қўйиб қўйилган. Ёзиш-чизиш, ўқиш таъқиқланган.

Палатада,
Каридорда,
Туалетда,
Ошхонада, умуман, ҳеч ерда ҳеч ким билан сўрашмайди. Бирор хастанинг ҳам саволига жавоб бермайди. Йўқса, тамом:

ШИЗО.

Сангородда унинг:
Оғзи тикилган,
Қулоғига қўрғошин қуйилган,
Кўзи боғланган,
Оёғи тушовланган,
Қўлига кишан солинган.

Чунки у:
Сиёсий маҳкум,
Диний маҳкум.

6Сангородда мен бу нарсаларни ўз бошимдан кечирдим. Бахтга қарши прастата безларим ҳам қаттиқ шамоллаб қолган эди. Туалетга тез-тез бормасам, бўлмасди. Қовуқларим ёрилиб кетай-ёрилиб кетай дерди. Бундай онларда “қулоқ”қа ялинардим. У атайлаб ўз баҳосини оширарди. Ўзим емай, унга егулик-ичгулик, ўзим киймай, унга пайпоқ, майка, труси – ички кийим беришга мажбур бўлардим. Бу жисмоний, руҳий азоблар камлик қилгандай, устки кийим-бошимгача битлаб кетдим. Юзимдан, бўйнимдан бит ўрмалаб юрарди. Бир мен эмас, ҳамма касаллар шундай аҳволда эди. Мен буни бир қўшимчасиз, лофсиз айтаяпман. Муқанна ҳақидаги 555 бетдан иборат бўлган тарихий романимни ҳам шу ерда – Сангородда тортиб олишди.

Ўзимни уриб-тепиб ташлашди.

ШИЗОга тиқишди.
Уриб-тепиш,
Сўкиш,

“Ватан хоини” деб камситиш одатий ҳол.

Бу зўравонлик, бу йиртқичлик, бу қонунсизлик юртбошининг ҳам ушбу сўзларини менсимасликдир:
“Фикирга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”.

Давоми бор

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM