Бош мавзулар

Рамазон кундалиги: “Олим – оламдир”

olim-olam-uzb-imomlari

Еттинчи кун

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Раҳмон ва Раҳим Оллоҳ номи ила.

Ҳар бир инсон тақдирида нималар рўй беражагини биладиган, ҳар бир инсон тақдирини унинг феълига кўра яратган, инсоннинг феълини ҳам, тақдирини ҳам Ўзи яратиб, инсонга ихтиёр қисмини берган, бутун оламни Ўз ҳикмати ила ўраб олган, балки бутун оламни Ўз ҳикмати ила йўқлик зулматидан борлик тонгига олиб чиққан, ҳар қандай ақл ва идрокдан Ўз Зоти ва сифоти билан юқори турадиган, замон ва макондан муназзаҳ бўлган мутлақ қудрат эгаси Оллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин.

Инсон боласи бўлиб туғилишлари инсоният учун шараф саналган, икки дунё илмини ўзида жам қилган, инсон ақли етиши мумкин бўлган ҳамма нарсани англаган, Оллоҳнинг ҳабиби бўла туриб энг кўп қўрқув ҳис этган, ҳаё ва сабр бобида умматга, балки бутун инсониятга ўрнак бўлган, айтган муборак сўзлари икки дунёда ҳам қиймат йўқотмайдиган, пайғамбарлар султони, анбиё хотами Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ададсиз дуруд ва саловотларимиз бўлсин.

Кечагина Рамазоннинг остонасида эдик. Рамазоннинг биринчи куни бошланди дея бу ой шарафи ва иззатини ҳис этиб, юракларимиз тўлқинланиб ибодат, итоат, муҳаббат, саховат ойига тайёр эдик. Бугун бу табаррук ойнинг еттинчи куни ниҳоясига етди. Ифторликлар қилдик, томирларимизга сувлар етиб борди, ташналик чекинди, кун бўйи вужудимиз, нафсимиз чеккан машаққат сўнгида бу каби ажиб неъматланиш ила қалбимизда бетакрор фараҳ уйғонди, Алҳамдулиллаҳ.

Ўтаётган Рамазоннинг кунлари қалбимизни қанчалик шодлантирса, шунчалик ғамгин ҳам қилади. Чунки кунларини ортда қолдириб Вақт йўлагида илдамлаб кетаётган Рамазоннинг қадрини ҳамон била олмаётгандекмиз. Ҳамон унинг қийматини тўла англамай, итоат ва ибодатда сустлик қилаётгандекмиз… Оллоҳим, бизга бу ойнинг шараф ва баракотидан мўл-кўл насиба ато эт!

Зумар сурасининг 9-оятида улкан бир маъно мужассам: “Ўқиганлар билан ўқимаганлар тенгми?!”

Шубҳасиз, ўқиганлар билан ўқимаганлар тенг эмас. Шарафда ҳам, иззатда ҳам, кенгликда ҳам, улуғликда ҳам ўқимаганлар ўқиганлар билан тенг кела олмайди. Чунки Оллоҳ таолонинг Ўзи ўқиганларнинг қадрини баланд кўтариб қўйди. Аммо банданинг одати шуки, Отаси жаннатдан итоатсизлик қилиб чиққани каби шараф поясидан хорлик чоҳига ўзини отади. Яъни Оллоҳ таоло илм билан бирор кишини шарафлантиради, аммо у бу шарафни ҳис этмайди ва ўз шаънига мувофиқ келмайдиган ишларни қилиб, номига доғ туширади.

Олимнинг шарафига мос келмайдиган ишлар ҳақида бироз суҳбатлашсак. Чунки бугун ана ўша ишлар сабабли кўплаб илм эгалари шарафсизликка маҳкум бўлмоқдалар.

Олимнинг шарафи – жасоратдир, ҳақни ботилдан ажратиб, бошқаларга буни тушунтиришдир. Олим ҳеч қачон ўз нафси олдида тиз чўкмаслиги керак. Нафс ҳар бир инсондан хорликни талаб қилади. Олим ўзидаги илмнинг қийматини билиши лозим.

Илмнинг қиймати нима? Олим билганларини эмас, билмаганларини кўра билиши шарт. Ана шу илмнинг қийматидир. Бу олимни кибрдан қайтаради, адашишдан сақлайди. Аммо олим ўзидаги илмни сотиш, бу илм воситасида обрў ва мол-давлат орттириш ниятида бўлмаслиги фарз. Олим қачонки бойларнинг, илмсиз зодагонларнинг, илмсиз султонларнинг остонасига бош уриб борса, ўзини шу остонага лойиқ кўрса, унинг гаплари қайрилади, тақвосига дарз кетади. Олим – илм эгаси икки дунё ҳақиқатини англаган ва шунга мувофиқ шаклда иш юритадиган инсондир.

Олим Оллоҳнинг биру борлигини билади, ўзидаги илмни тасарруф қилар экан, бу тасарруфи учун Оллоҳга жавоб беражагини тушунади, шунинг учун ўзи тўғри деб билган қонунлар асосида яшайди, бу қонунлардан заррача оғишмайди, одамларни ҳам ҳаққа, тўғриликка буюради.

Олим пул илинжида номусини сотмайди, ҳеч қачон ўз муҳтожлигини бегоналарга ошкор қилмайди, ейишга нони, ичишга суви қолмас ҳам, ғурурини бой бермайди, балки муносиб шаклда уни ҳимоя қилади. Бу ҳимоя айни иймоннинг далолати бўлади. Оллоҳ таоло бунинг учун олимнинг ризқини кенг қилиб қўяди. Бироқ олим ўз ризқини бошқаларнинг қўлидан келишига ишонса, ўзини ҳам, халқини ҳам хор қилади.

Тарих орқали биз таниган буюк олимларнинг ҳеч бири султонлари эшигини супурмаганлар, қадру шарафини ҳимоя қилиб яшаб ўтишган.

Олимнинг елкасида жуда катта вазифаларнинг иккитасини санаб ўтмоқчимиз: 1) билганига амал қилиш; 2) илмни бошқаларга етказиш.

Бугун олимларимиз бу икки шартни унутиб қўйгандек туюладилар. Ё улар шу икки шартнинг аниқ биттасини бажаришмаяпти. Чунки ўлкамиздаги зулм, кўзга кўринмайдиган, халқни маст қилиб қўйган зулм, миллат қалбининг кўрлиги ана шу ҳақиқатни кўрсатмоқда.

Олимларимиз – қайси соҳада бўлмасинлар ўзлари билган, ўзлари гапираётган насиҳатларга амал қилмаяптилар, ўзлари китоб қилиб ёзиб ташлаётган қонунларни шахсий ҳаётларига татбиқ қилишмаяпти. Албатта, одамлар олимнинг ортидан пойлаб, бу ўз айтганига амал қиляпти, биз ҳам шундай қиламиз дейишмайди. Бу бошқача тарзда рўй беради. Ғайриоддий шаклда.

Масалан, бир олам ёлғоннинг офати, ғийбатнинг касофати ҳақида ҳам жуда гўзал нутқ ўқийди. Бироқ минбардан тушгани заҳоти ёлғон сўз ишлатади, кимнидир ғийбат қилади. Албатта, буни ҳеч ким билмайди Оллоҳдан бўлак.

Бир аллома намознинг фазилатини гапиради, намозни улуғлайди, бироқ ўзи ёлғиз қолса, намозни қазо қиладиган даражада кечиктириб ўқийди, намозини худди дон чўқиб турган хўроз каби адо қилади. Буни ҳам ҳеч ким сезмайди Оллоҳдан бўлак.

Бироқ унинг сеҳрли маърузаларни одамлар қанчалик тинглаб маст бўлмасинлар, ҳеч бирлари ёлғондан, ғийбатдан тийилмайдилар, намозларини ўз вақтида адо қилишга шошилмайдилар. Уларда бирор ижобий ўзгариш зоҳир бўлмайди. Нима учун? Чунки насиҳатгўй – носиҳнинг асл аҳволини билиб турган Оллоҳ ўз адолатини кўрсатади: беамал олимнинг гапи ҳеч қачон қавмга таъсир этмайди.

Бугун биз юртимиздаги зулмдан, адолатсизликдан озор чекар эканмиз, золимдан қутулишни истар эканмиз, золимни ҳам, мазлумни айблашимиз ҳамма ҳолларда тўғри бўлавермайди. Бир-биримизнинг айбларимизни излаб, ҳақоратларга кўмилиб яшашимиз ҳам маъқул эмас. Дуоларимиз қабул бўлмаяптими? Айбни халқдан изламаслик лозим.

Ўйлаб кўрайлик-чи, одамларни инсофга чорлар эканмиз, ўзимиз инсофсизлик қилмаяпмизми? Адолатдан сўйлаб, адолатсизликка йўл қўймаяпмизми?

Сиз инсофсизликни, адолатсизликни халққа, бегоналарга кўрсатишингиз шарт эмас, оилангизга, ота-онангизга, хотинингизга, фарзандларингизга қиладиган адолатсизлигингиз, инсофсизлигингиз ҳам етарли. Оллоҳ бу амалларингизни шундай тўсиққа айлантирадики, бошқа мақсадларга ета олмайсиз, Ўзи паноҳ берсин.

Балки Ватанимиз, халқимизнинг зулматдан ёруғликка чиқа олмаётгани учун биз – ҳар биримиз айбдор бўлсак-чи! Ҳар биримиз жавобгардирмиз! Намозларимиздаги қусур, тилимиздаги ғийбат ва ёлғон, беҳуда жанжал ва тортишувлар, ўзгалар кўнглига етказганимиз озор, фақатгина ўзимизни ҳақ деб билишимиз – шу ва шу кабиларнинг ҳаммаси бизнинг кучимизни қирқиб қўйгандир! Асли, золим ва хоинларда куч бўлмайди, уларга Оллоҳ ҳеч қачон куч ва қудратни бермайди, аммо биз – ўзимизни ҳақ ва жабрдийда санайдиган қавм, мусулмонлар қавми ўзимизга берилган куч-қудратнинг нима эканини англаган ҳолда уни бой берамиз. Бизнинг кучимиз – илм, ибодат, Оллоҳга тоат, ҳақдан юз бурмаслик, ботилга изн бермасликдир. Биз буларни била туриб, ҳеч бирига амал қилмаймиз ва золимнинг ўламан деб турган танаси олдида ожиз қоламиз.

Олим – оламдир. Олимда кечган нарсалар, оламда акс этади. Агар қайси юртнинг олимлари тақволи, эътиқодли, аҳди мустаҳкам, қатъиятли бўлса, бу ўлкада ҳеч қачон ноҳақликка йўл қўйилмайди, жоҳилликка ўрин топилмайди. Аммо аксинча бўлса, аксини кўрамиз, табиий.

Олим ўз илмига мағрурланса, меҳру мурувватни яқинларига лутф кўрсатишдан бошламаса, ўз жони эвазига бошқаларнинг жонини қутқармаса, устоз бўлиб шогирдларга ўзини фидо этмаса, бу юртда қандай қилиб барака бўлсин! Дин ва диёнат ривож топсин! Ҳалоллик яшаб қолсин!

Олимнинг кўзига биладиганлари кўрина бошлаган ондан бошлаб унинг кўзлари кўр бўлади. Олим қачонки билмайдиганларини кўра бошласа, у деворлар ортини ҳам яққол кўра олади.

Бугун бизнинг кўзларимиз ўзимиз олган илмларни улкан дея кўришдан нари ўтмайди, басиратимиз сўқир бўлган. Шунинг учун беҳуда баҳс қиламиз, каттани катта, ёшни ёш демай таҳқирлашдан-да чекинмаймиз. Олимлари шундай юрт қандай қилиб ислоҳ бўлсин? Олимлари паст кетган юртнинг золимлари тахтга чиқади-да!

Олимни олам дедик. Эй олам! Ўзингни ўнглаб ол, йўқса, хароб бўласан!

Оллоҳим!

Мен сенинг ожиз, нотавон, шикаста қулингман. Ўзи беамал бўла туриб, бошқалардан амал талаб қилаётган мунофиқман. Бу – менинг ожизлигимни, сенга бўлган таслимиятимни тасдиқ этади. Зотан, мен ўзгаларга насиҳат қилиш орқали ўзимга насиҳат қиламан. Сен берган умр водийсида Сенинг амрингга итоат этиш учун бир йўл излайман. Шу йўлни топиш илинжида, топсам, бу йўлдан адашмай юриш илинжида шундай сўзларни ёзаман. Сен бу сўзларни яхшиликка буюр!

Оллоҳим!

Илм эгаси бўлган ҳар бир инсонга инсоф, иймон бер. Илмни фақат Сен учун ўрганиш саодатини ато қил! Жаҳолатнинг қоронғу ботқоқларида бизни ёлғиз қолдирма! Ватанимизни, диёримизни илм ўлкаси, илм диёри қил. Ҳар бир олимни ўз илмига амал қилиш бахтидан баҳраманд қил!

Оллоҳим!

Чексиз раҳмат Соҳиби Сенсан, чексиз лутф Соҳиби Сенсан, Сенга муҳтож бўлган, чумоли каби заиф ва бечораҳол қулинг менман. Ўз марҳаматингни, карам ва лутфингни забун қулларингдан дариғ тутма!..

Абдуллоҳ Нусрат

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM