Махсус дастур

Гап Каримов ҳақида эмас

shoakbar

Гап Каримов ҳақида эмас. У ўлди кетди! Осонгина ўлиб қутулди.

Халқ ғазабидан, интиқомидан. Қизи Гулноранинг қилмишлари туфайли бошига тушажак шармандали машмашалардан ўлиб қутулди.

2013 – йили “Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони” рўйхатига киритилган исломсиз Ислом Каримов ароққа бўкиб ўлди. Бу ёғига энди “букрини гўр тузатаверсин” У энди тарихга айланди.

Тарихдан сабоқ ўликлар учун эмас, биз тириклар учундир. Яқинда ( 5 октабр 2016-йил ) “Озодлик” радиоси ёйинлаган ҳабардан Каримов қабрини зиёрат қилаётганлар ҳали ҳам жуда кўп эканлигини кўриб ҳайратландим. Ҳатто баьзи зиёратчилар кўзда ёш билан, бу зиёратни умрага тенглаштираётган эканлар. Алҳазар!..

Ароққа бўкиб ўлган диктатор зиёратини умрага тенглаштираётганлар шахсга сиғиниш оғир ширк эканини билмасмикинлар?!
Ҳар қандай диктатор ҳам ўлади. Лекин халқ яшайди.

Каримов шахсига сиғинаётганлар ўзбек халқининг жуда кичик бир бўлаги бўлса ҳамки, улар бизнинг халқимиздир.

Лекин халқ деганда бутун ўзбек халқини тушуниб қолмаслик учун, шартли равишда бу ўриндаги халқ сўзини қўштирноқ ичига олдим. Баьзилар бу “халқ”ни дафн маросимига ҳайдаб олиб чиқишган дейишди. Бу фикр қисман тўғри, буткул эмас.

Чунки, кўзлардан шашқатор ёшлар оқишини, “отамни қайтариб беринглар” деб фарёд чекишларни мажбурлаб уюштириш мушкул иш. Каримов режими туфайли русларга мардикор бўлган бир тенгдошимнинг: “-Каримов тирилиб келса жонимни берар эдим” дейишини, ёки чет эллардаги баьзи мардикорларларнинг Ўзбекистон элчиҳоналари олдига Каримов ҳотирасига гулчамбарлар қўйишларини мажбурлаб ташкиллаштириш қийин.

Менимча ўша “халқ” нинг ўзида бу ишларга мойиллик бор.

Яна баьзилар бу “халқ”ни лаганбардорга чиқаряпти. Тўғри, “халқ”нинг орасида лаганбардорлари ҳам бор. Лекин уларнинг асосий қисми бундай эмас. Бу “халқ”нинг аксарияти, тан олиш керак чинданда Каримовга меҳр қўйган одамлардир. Каримовнинг макрига алданиб, ёлғонларига ишониб меҳр қўйган одамлардир.

Каримов зулми туфайли кўпгина чет элларни дарбадар кездим. Ҳамма ерда уни лаьнатладим. Ниҳоят, диктатор ўлди. Унинг зулмидан қутилган халқ кўчаларга чиқиб байрам қилса керак деб ўйлагандим. Маддоҳ телевиденямиз дунёга кўз-кўз қилган дафн маросимида бунинг том тескариси бўлди.

Телевидениа ўз зиммасига юклатилган вазифани қойилмақом қилиб уддалади. Яьни золим ва қонҳўр диктатордан ўзбек халқининг буюк бир миллий қаҳрамони тимсоли яратилди. Гўёки, халқ ўзининг миллий қаҳрамонини буюк изтироб билан, кўзларда шашқатор ёш билан, гулларга буркаб сўнгги йўлга кузатди. Дунё лол қолди.

Менга қарата: “-Президентларинг халқ меҳрини қозонган одам экан. Демак, сенлар ўзларинг ёмон бўлсаларинг керак” -деб маломат қилганлар кўп бўлди. Бундай маломатлар ҳозир ҳам давом этаябди.

Баьзи чет эллик танишларим эса: “-Халқ қандай бўлса, бошқарувчи ҳам шунга яраша бўлади. Бундай бир халқ учун Каримовдан бошқаси увол” -дейишди. Бу фикрга ҳам қўшилмадим.

Чунки яқин тариҳдан маьлумки Сталин ўлганда ҳам ҳудди шундай бўлган экан. Лекин ҳозир гап бу ҳақида эмас.
Тан олиш керак Каримов ўзбек халқининг содда, оқкўнгил ва лақма бир қисмининг меҳрини қозона олгани бор гап.
Менимча бу “халқ”нинг асосий қисми ҳушомадгўй ҳам эмас; лаганбардор ҳам эмас; таьмагирлар ҳам эмас; дафн маросимида иштирок этишга ҳам, Каримов қабрини зиёрат қилишга ҳам мажбурланганлар эмас.

Улар алданган одамлардир. Каримов дунёга танилган диктатор бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётини чўктириб қўйган бўлса, халқини бошқаларга мардикор қилиб қўйган бўлса, миллионларни ўмаргани учун қизи Гулнорага қатор мамлакатларда жиноий иш очилган бўлса, қандай қилиб шунча одам унга меҳр қўйди?!

Аниқроғи, бу “халқ” қандай қилиб бир диктаторга алданди. Гап ана шу ҳақда. Мен шу саволларга кучим етганича жавоб изладим. Чунки халқимизнинг ана шу кичик бир бўлаги бўлган “халқ” ҳам миллионлардан иборат.

Ана шу миллионлар бўлажак президентдан ҳам янги диктатор ясаб олишлари ва яна уларнинг ўзлари бу диктаторга алданишда давом этаверишлари мумкин.

Албатта бу иллат мен ёзаётган биргина мақола билан асло тузалиб қолмайди. Ўйлайманки муҳолифатдаги зиёлиларимиз бу алданган одамларни танқид қилавермай уларнинг кўзини очиш билан кўпроқ шуғулланишлари керак.

Бунинг учун эса бу “халқ” қандай қилиб шу қадар алданиб қолган? деган саволга жавоб излаш муҳим деб билдим. Кучим етганича излаб топганларимни эьтиборингизга ҳавола қилиб, бу ҳақда сизларнинг фикрларингияни эшитишни истадим.

Диктатор Каримовнинг чорак асрлик раҳбарлиги даври энди тариҳга айланди. Биз ёш авлод унинг кирдикорларини асосан кекса муҳолифатчиларнинг суҳбатларидан, ҳамда муҳолифат нашрларининг ( баьзан эса Ўзбекистон матбуоти) арҳивларидан излашга мажбурмиз. Мен ҳам излаб-излаб “халқ”нинг алданиш сабабларидан баьзиларини топгандек бўлдим.

1. Бу “халқ” Каримовни фақат маддоҳ матбуот орқалигина билади ва унга астойдил ишонади. Бунга маддоҳ матбуотдан минглаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳаммага маьлум бўлгани учун у мисолларни бу ерда келтиришга ҳожат йўқ.

2. Ўзбекистон зиёлиларидаги ҳушомадгўйлик иллати ҳам диктатордан миллий қаҳрамон яралишига катта ҳисса қўшган. Енгил-елпи ҳушомад қиладиган ўзбек ижодкорлари жуда кўп. Менимча улар унчалик ҳавфли эмас.

Лекин, ўзбекнинг Эркин Воҳидовлари: ” Юртбошимга отилган ўқ менга тегсин!…менга тегсин!…”дегани; Абдулла Ориповлари диктаторга қарата: ” Орол қуриса қурийверсин, сиз ўзингиз денгизимизсиз” деб ўз сатрлари билан айтганда: ” мушукдек оёғин ялагани” ; Одил Ёқубовлари: ” Тариҳ учун, келажак авлод учун бу йўлда у хатто Каримовга ёқмай қолишдан ҳам қўрқмасликка жазм қилгани… ” ( Нима эмиш, Каримовга мақтов ёқмас эмиш.

Мақтаганларни ёмон кўрар эмиш у.

Одил Ёқубов эса Каримовга ёқмай қолишдан ҳам қўрқмай, ” Ҳақ сўз учун президент ёмон кўрадиган бўлса, мана мени ёмон кўрсин, барибир айтаман мен ҳақиқатни” дея кўксига уриб, уни кўпиртириб мақтайди. Манбаа.

“Ўзбекистон адабиёти ва саньати ” газетаси. 2001 йил июн ойининг 3- ҳафтасидаги сони) Мана булар ўша “халқ” учун ҳавфлидир. “Халқ”нинг алданишида уларнинг ҳиссаси ниҳоятда каттадир.

Айтишларича айб уларда эмас, айб ҳар қандай одамни маддоҳга айлантирадиган совет тузумида бўлган эмиш.

Масалан, совет тузумида яшаб, “Яша партия”, “Яшасин Ленин” деб ёзмаган биронта шоир, ёки ёзувчи бўлмаган эмиш. Наҳотки ?!… дея яқин дўстларимни, биродарларимни ҳашарга чорлаб , баҳоли қудрат ўзбек совет шоирларининг ҳам; ва бевосита совет шоирларининг ҳам китобларини варақлаб чиқдик.

Биз қараган китобларни орасида Муҳаммад Солиҳдан бошқа биронта ҳам шоир тополмадик маддоҳлик қилмаган. Фикримизча ўзбек совет шоирларини собиқ совет шоирлари орасида биринчи ўринга қўйиш мумкин.

Ҳудди шунингдек, Муҳаммад Солиҳни маддоҳлик қилмаган шоирлар орасида ҳам биринчи ўринга қўйиш мумкин деган ҳулосага келдик. Ўйлайманки юртимизда Муҳаммад Солиҳнинг издошлари кўпайсагина, халқнинг ҳам “ҳалқ” нинг ҳам кўзи очилиб, биз Каримов асос солган диктаторлик режимидан қутулишимиз мумкин.

3. Учинчи қисм кўпчиликка қисман маьлум, лекин ўша “халқ”га унчалик маьлум бўлмаган Каримовнинг буюк артистлик маҳоратидир.

(Давоми бор)

Шоакбар Шораҳимов
Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM