Марказий Осиё

Марказий Осиё Мяньмар инқирозидан ‘хавотирда’

myanmar-musulmonlari

Қирғизистон ва Қозоғистон бу хусусдаги хавотирларини расман – ўз ташқи ишлар вазирлиги даражасида изҳор этишган. Мяньмардаги маҳаллий мусулмон озчилигига қарши зўравонликлардан “жиддий ташвишда” эканликларини билдиришган.

Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мавжуд вазиятга аралашиш, ўзининг қатъий мавқеини намоён этишга чақирган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири “Мяньмардаги воқеалар – салбий тус олиб бораётган исломофобиянинг бир кўриниши экани”ни айтган.

Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Қосимжомарт Токаевнинг айтишича эса, “БМТ Мяньмардаги воқеаларнинг хавотирли ривожи юзасидан ўзининг қатъий мавқеини намоён этиши лозим”.

Унга кўра, “Мяньмарда кўплаб бегуноҳ мусулмонлар қатағонларнинг қурбонига айланишмоқда”.

Қосимжомарт Токаевнинг бу сўзларидан “Tengrinews.kz” хусусий интернет нашри иқтибос келтирган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, Мяньмар инқирозида иштироки бўлган барча томонларни “тинч йўл билан мавжуд можарога барҳам бериш”га ундаган.

Қирғизистон Бош вазири эса, “террорчилик, диний нафрат заминидаги зўравонликлар ва оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш учун” ўз мамлакати миллий терма жамоасининг 5 сентябрь куни Мяньмарга қарши режаланган футбол учрашувини ҳам бекор қилган.

Мяньмардаги зўравонликлар юзасидан Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам кескин баёнот билан чиққан, у ердаги ҳодисаларни “қатлиом”га тенглаштирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини бир четда қўл қовуштириб, қараб турмасликка чақирган.

Ўзбекистон дохил қолган минтақа давлатларининг Мяньмардаги ҳодисаларга расмий муносабатлари ҳозирча кузатилмаган.

Аммо айни мавзу шу кунларда барча йирик ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонлик аксарият интернет фойдаланувчилари орасида қизғин баҳсу мунозаралар марказига айланган.

Айрим ўзбекистонликлар Мяньмардаги мусулмонлар ва уларнинг бугунги кечмишларига бағишлаб, шеърлар ёзишгача боришган.

Сўнгги танглик

Мяньмардаги сўнгги танглик “Аракан рохингаларини қутқариш армияси”нинг 25 август кунги ҳужумлари ортидан бўй кўрсатгани иддао қилинади.

Хабарларга кўра, бу гуруҳ бир қанча полиция постлари ва Мяньмар Қуролли кучларининг базасини нишонга олишади.

Ўзаро жангларда 12 нафар ҳукумат ҳарбийси ва саксонга яқин исёнчи ҳалок бўлади.

Аён бўлишича, бунинг ортидан Мяньмар ҳарбийлари ўзларининг аксилтеррор амалиётларини бошлашади.

“Рейтер” ахборот агентлигининг хабар беришича, ўтган бир ҳафта давомида ҳукумат кучлари ва рохинга жангарилари ўртасидаги тўқнашувларда қурбон бўлганларнинг сони қарийб 400 кишига етади.

Қурбонлардан аксариятининг мусулмон рохинга жангарилари эканликлари айтилади.

Хабарларга кўра, сўнгги зўравонликлар боис, Мяньмарни ташлаб чиққан ва ташлаб чиқиш ҳаракатида бўлган маҳаллий мусулмонларнинг сони қарийб 90 минг кишига етган.

Орада уларнинг кўплаб уй-жойларига ўт қўйилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Мяньмардаги бу каби зўравонликлар Россия ва Чеченистонда йирик оммавий норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.

Собиқ Шўро давлатлари раҳбарлари орасидан биринчи бўлиб Мяньмардаги ҳодисалар юзасидан кескин баёнот билан чиққани эса, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров бўлган.

Рамзан Қодиров рохинга мусулмонлари учун Россияга қарши чиқишга ҳам тайёр эканини баён қилди.

Мяньмардаги мусулмонларнинг сони бугунги кунда 1.5 миллион кишини ташкил этиши айтилади.

Тарихий манбаларга кўра, бу мусулмонлар 19-асрнинг охирида британ мустамлакачилари томонидан Бангладешдан Мяньмарга кўчириб ўтказилган.

Аммо улар Мяньмарда ҳали-ҳануз ноқонуний муҳожирлар саналишади ва аксариятининг расман фуқаролиги ҳам йўқ.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM