Бош мавзулар

Муҳаммад Солиҳ: Бобомурод Абдуллаев -“Усмон Ҳақназаров”дир

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Тошкентдаги МХХ тергов ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши юзасидан кутилмаган баёнот билан чиқди.

Истанбулдаги матбуот анжуманида у Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган сирли муаллиф эканини эълон қилди.

Би-би-сига тақдим этилган баёнот матнида, жумладан, шундай дейилади:

“Ҳа, ўтган ҳафта Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган камсуқум спорт журналисти ўша афсонавий Усмон Ҳақназаровнинг ўзи бўлади! “Сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров” имзоси билан чоп этилган мақолалар нафақат интернетни, балки ўзи фош этган Каримов тузуми ва унинг махфий хизматларини ҳам ич-ичидан ларзага келтирди. Каримовнинг ўлимидан сўнг эса, Бобомурод Абдуллаев яна айни тахаллус остида СНБ раҳбари Рустам Иноятов ва махсус хизматларнинг коррупцион схемаларини фош этувчи туркум мақолалар эълон қилди. У Ўзбекистоннинг янги президентини СНБ томонидан либерал ислоҳотларнинг саботаж қилинаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бизда айнан шу тизим мамлакатдаги ислоҳотларнинг асосий душмани эканини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжуд. Бобомурод Абдуллаев мамлакатнинг янги лидерига чин дилдан ишонди ва СНБни фош этиш орқали президентга чириб кетган тузумни қайта қуришда ёрдам бераяпман, деб ўйлади. Бизнинг Бобомурод Абдуллаев СНБнинг тергов изоляторида психотроп моддалар воситасида қийноққа тутилмоқда, деб ишонишга жиддий асосларимиз бор. Бизнинг шубҳаларимиз ушбу изоляторда қийноқларни бошидан кечирган мухолифатчиларнинг кўрсатмаларига асосланган. Биз унинг узоқ муддатга қамоққа ташланишидан қўрқмаймиз. Биз унинг ҳаётидан хавотирдамиз. Биз Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти Абдували Мирзаев, Абдулла Ўтаев, демократ-мухолифатчи Шовруқ Рўзимуродов, ёзувчи Эмин Усмон ва режим ҳамда СНБнинг бошқа мухолифлари ҳаёти каби якун топишидан хавотирдамиз… Ўз мақолаларини Бобомурод Абдуллаев фақат Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг нашрида эълон қилган ва бу билан адолатсизлик ва озодликнинг йўқлигига қарши очиқ мухолифатда эканини таъкидлаб келган эди. Ўтган 14 йил мобайнида у катта босим ва муқаррар ҳибсга олиниш таҳликаси остида яшаб келди. Ва бу содир бўлди”.

Муҳаммад Солиҳнинг “Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровдир” деган баёнотини мустақил ёки расмий манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

27 сентябр куни бедарак кетган ва орадан бир кун ўтиб, МХХ томонидан ҳибсга олингани ўртага чиққан журналист Бобомурод Абдуллаевнинг расман нимада гумон қилинаётгани маълум эмас.

Душанба куни мустақил журналист Алексей Волосевич ўзининг манбасига таянган ҳолда, расмийлар Абдуллаевни “Усмон Ҳақназаров” деб гумон қилаётгани ҳақида ёзган.

Инсон ҳақлари фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, МХХ журналистнинг аёлига мустақил адвокатдан воз кечиш борасида босим ўтказган.

Бобомурод Абдуллаевга давлат томонидан адвокат тайинланиб-тайинланмагани номаълум.

Якшанба куни Бобомурод Абдуллаев устидан Юнусобод туман судида соат 11 га белгиланган санкцон маҳкама аввалига қолдирилгани, кейин эса шу куни тушдан сўнг бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Англашилича, маҳкама журналистни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

Журналист МХХ ва ИИВнинг тезкор амалиёти натижасида қўлга олинган.

Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ҳаракатлари жуда ҳам махфий тарзда олиб борилаётгани айтилади.

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остидаги мақолалар илк бор интернетда 2003 йилда пайдо бўлган.

Муаллиф марҳум президент Ислом Каримовнинг норасмий таржимаи ҳоли, соғлиги ва ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги коррупция ҳамда мамлакатдаги сиёсий репрессияларга доир рус тилидаги мақолаларни чоп этиб келган.

Аммо ҳозирга қадар “сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров” даъво қилган ҳолатларнинг биронтаси на расмий ва на мустақил манбалардан тасдиқланган эмас.

Ўзбек расмийлари ва расмий матбуот ҳеч қачон “Усмон Ҳақназаров”нинг чиқишларига муносабат билдирмаган.

Айни тахаллус остида мақолалар чоп қилган муаллифга нисбатан қидирув ёки қандайдир тезкор амалиётлар олиб борилгани Би-би-сига маълум эмас.

Шундай бўлса-да, “Усмон Ҳақназаров” нафақат мухолифат нашрлари, балки мустақил ва хорижий нашрларда кенг иқтибос қилинган.

Шу йилнинг августида ҳатто Ўзбекистонинг ўзидаги қатор интернет нашрлари “сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров”нинг мақоласидан иқтибос келтирганди.

Энг сўнгги мақолаларидан бирида муаллиф Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг икки оёғидан жарроҳлик амалиёти кечиргани ва “фалаж бўлиб қолгани”ни даъво қилган, аммо орадан икки кун ўтиб, давлат телеканаллари Иноятовнинг Тошкент аэропортида Президент Мирзиёевни кутиб олаётгани акс этган кадрларни намойиш этган.

“Усмон Ҳақназаров”нинг мақолалари 2003-2004 йилларда Centrasia.ru сайти, ундан кейин эса асосан мухолифатдаги “Эрк” ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нашрларида чоп этиб келинган.

Бобомурод Абдуллаев 2000-йиллар бошида “Озод овоз” мустақил веб-сайтига асос солган, Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) мухбири бўлиб ишлаган.

Охирги йилларда у Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Тошкентда матбуот эркинлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказишга тайёрланаётган пайтда юз берган.

18-19 октябр кунлари Тошкент ташкилотнинг навбатдаги анжуманига мезбонлик қилади.

Би-би-си Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши атрофидаги воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM