Бош мавзулар

Суд Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназар” эканини эълон қилди

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Журналист Бобомурод Абдуллаев расман “Усмон Ҳақназар”имзоси остида “амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи” мақолалар чоп этиш ва давлат тўнтаришига уринишда гумонланмоқда.

Бу ҳақда Юнусобод туман судининг шу йилнинг 1 октябр куни ўтган дастлабки маҳкамаси қарорида айтилади.

Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусҳасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э.Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев “2011 йилдан шу кунгача” “Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг “буюртмаларини бажариб келгани”ни аниқлаган.

Маҳкама аниқловига кўра, “амалдаги тузумни босиб олишга чақирувчи” мақолалар интернет орқали Муҳаммад Солиҳга етказиб турилган.

Тергов Бобомурод Абдуллаевнинг асосий манбаълари Салаев Равшанбек Бойжонович ва Оллоёров Шавкатжон Оллоёр ўғли исмли Ўзбекистон фуқаролари эканини айтган.

Маҳкама қарорида айтилишича, бу икки шахснинг “қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имкони бўлган”.

Юнусобод туман маҳкамаси гумонланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 159-модда 4-қисми билан айблов эълон қилган ва уни Ўзбекистон Республикаси МХХ тергов изоляторига ҳибс қилишга буйруқ берган.

Маҳкама қарорида айтилишича, гумонланувчи ўн кун муҳлат ичида айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб этилиши, акс ҳолда ҳибсдан озод қилиниши керак бўлади.

44 ёшли журналист 27 сентябр куни кундузи бедарак кетган ва орадан бир кун ўтиб, унинг Тошкентдаги “Гвардейский” номи билан билинган МХХ изоляторида экани ўртага чиққан.

Суд қарорида Абдуллаевнинг 29 сентябр куни соат 19:55 да ҳибсга олингани айтилади.

“Давлат тўнтариши режаси”

Маҳкама қарорида Бобомурод Абдуллаевнинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган Салаев ва Оллоёровларнинг аниқ хизмат лавозимлари тилга олинмаган.

Шунингдек, уларнинг тақдири ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмайди.

Унда айтилишича, Абдуллаев бу шахслардан “олинган маълумотлар ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилган ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан Ўзбекистонда инқилоб қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган режа”ни ишлаб чиққан.

Терговнинг даъво қилишича, “Йиғим-терим” (“Жатва”) номи берилган “лойиҳа”га мувофиқ, уч босқичда Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумини ағдариш режаланган.

Унда Ўзбекистон ҳукуматидаги “муҳим” мансабдор шахслар (МХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги) ва кенг халқ оммасини жалб этиш, шунингдек, шаҳар ва вилоят миқёсида (Тошкент, Фарғона, Навоий, Урганч) ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш режалангани даъво қилинади.

Суд аниқловига кўра, режага республиканинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг яшаш жойлари схемалари ва суратлари, шунингдек, уларни қўлга олиш учун зарур бўлган одамлар сони ҳамда кетадиган харажатларнинг сметалари ҳам илова қилинган.

Суд Бобомурод Абдуллаев содир этишда гумонланаётган жиноятни “ўта оғир” дея малакалаган.

Эслатиб ўтамиз, 3 октябр куни Истанбулдаги матбуот анжуманида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаевнинг йиллар давомида “Усмон Ҳақназаров” номи остида мақолалар чоп этиб келган муаллиф эканини очиқлаганди.

Муҳаммад Солиҳ журналистнинг “ҳаётини сақлаб қолиш учун” бу каби баёнот билан чиқишга мажбур бўлганини айтган.

У 2003 йилдан буён интернетда “Усмон Ҳақнзаров” таҳаллуси остида мақолалар чоп этган муаллиф ва Бобомурод Абдуллаевнинг бир шахс эканини айтган.

Тергов Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан буён “Усмон Ҳақназар” таҳаллуси билан мақолалар чоп этиб келганини айтади.

Бобомурод Абдуллаевга нисбатан расмий айбловга муносабат билдирган Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда айбларни “мутлақо асоссиз ва бемаъни ” деб атади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ва хусусан, МХХ журналистдан худди шу йўл билан қасос олишга уринмоқда.

“Афсуслар бўлсинки, бугун Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар)га қўйилган айбнома эълони Ўзбекистонда сиёсий режимнинг ҳали-бери ўзгармаслигидан дарак бермоқда. Бу МХХнинг, шахсан Рустам Иноятовнинг биздан – Усмон Ҳақназар (Бобомурод Абдулла) ва мендан олган интиқомидир”, – деб айтди Муҳаммад Солиҳ.

“Чунки биз Усмон Ҳақназар ва камина янги раҳбар Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини очиқ қўллаб чиқдик ва ислоҳотлар олдидаги энг катта тўсиқ Каримовчи кадрлар, бўғзигача ўғирлик ва порахўрликка ботган МХХ структураси ва унинг раҳбарияти эканини айтдик ва бу тўсиққа қарши курашдик. Айбномада кўрсатилган “давлат тўнтаришига ташаббус” айблови 1999 йил бизга қўйилган 16 феврал портлашлари каби тухматдан иборатдир. Бу ёлғонининг ҳам умр қисқа бўлажак, бунга шубҳамиз йўқ. Бизни бошқа нарса қизиқтиради: биз анчадан бери дастаклаётган, бу ўйинни кўриб турган президент Мирзиёев нега жим? Ёки биз бекорга умидландикми? Янги президент Каримов сарқитларидан озод бўлишга самимий интилаяпти, дея беҳуда ишондикми? Буни энг яқин замонда ўрганамиз ва шунга кўра Ўзбек мухолифатининг қайси позицияда туриши кераклигини жамоатчиликка эълон қиламиз”, – деб айтди Муҳаммад Солиҳ Би-би-сига берган баёнотида.

Манба: ЎХҲ хабарлар бўлими

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM