Бош мавзулар

Бобомуроднинг муроди ва “Усмон Ҳақназар” ҳақиқати

Усмон Ҳақназар – Бобомурод Абдулланинг ёзганлари қанчалик ҳақиқатлигини тортишиш мумкин. Зотан, Ўзбекистондаги каби ёпиқ бир жамият, махфий бошқарув тизими ва темир панжаралар билан ўралган ҳокимият даворларидан маълумот сиздиришнинг ўзи бўлмайди. Бу маълумотлар асосида Усмон Ҳақназарники каби сиёсий памфлетлар яратиш учун эса, иқтидорли журналист бўлишнинг ўзи етарли эмас.

Кимдир “отнинг калласи” деган иборани ишлатибди. Отнинг калласидек юрак ҳам кифоя қилмайди. Умуман, ҳозир назаримда, Усмон Ҳақназар ким бўлса экан, деган савол устида бош қотирган онглар “Бу Бобомурод Абдулла” деган жавобдан ларзага келганича турибди ва келажакда ҳали бу феноменга кўп мурожаат қилинади.

Терговнинг Бобомурод Абдуллани фақат 2011 йилдан кейинги Усмон Ҳақназар сифатида тақдим этаётгани эса, менимча расмийлар “Усмон Ҳақназар” муаммосини қандай ечиш борасида узил -кесил қарорга келмаганининг белгиси бўлиши мумкин.

Дарвоқеъ, сиёсий памфлетлар дедик. Усмон Ҳақназарнинг ёзганларини ҳеч иккиланмай, ўзбек публицистикасида энг қашшоқ саналган бу жанрнинг мисли кўрилмаган намуналари сирасига киритса бўлади. Гарчи соф фактуал мақолалар ҳам йўқ эмас. Менинг ўзим текширишлар натижасида бу мақолалардан баъзиларидаги алоҳида маълумот ва эпизодларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилганман.

Юнусобод туман маҳкамасининг Бобомурод Абдулла ишига доир аниқлови Усмон Ҳақназарнинг ёзганларини амалда давлат сирларига тенглаштирган. Ҳокимият (унинг Каримов давридаги каби монолит эмаслигини таъкидлаш жоиз) ўзи билибми, билмасданми, “14 йил давомида бизни фош қилиб келган одам шу эди, унинг ҳамма маълумотлари тўғри” демоқда.

Зотан, Каримов даврида фақат сиёсий буюртмани бажариб келган адлия ҳеч қачон адолат тамойилларини амалда қўлламагани важидан уқувсиз ҳолга ҳам келиб қолган. Шу боис Усмон Ҳақназар сингари мураккаб бир кўринишга тўғри юридик (аслида бу баҳо сиёсий бўлади) баҳо бериш салоҳиятига эга, деб ўйламайман. Улар Бобомуродни ҳам “Усмон Ҳақназарни топиб берасан”, деб қийноққа солган бўлса ажабланмайман, чунки бунинг мисолини ўтмишда кўрганман…

1993 йилнинг баҳорида “Эрк” газетасида чоп этилган мақоламга тўланган қалам ҳақи юзасидан Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақиришган. Ҳукумат “Эрк” газетасини ёпиш учун баҳона қидираётганди ва қалам ҳақидан тузукроқ важ тополмаганди. ИИВ ертўласидаги сўроқда мен ҳақиқатан ҳам қалам ҳақини олганимни тасдиқлаб, тилхат ёзиб берганман. Мени сўроқ қилган терговчи қўлимга бир даста чақирув қоғозини тутқазиб, “биз бу одамларни тополмаяпмиз, кўр-чи, ичида танийдиганларинг бўлса, бериб қўйгин”, – деди. Повесткаларнинг ичида, не кўз билан кўрайки, Чўлпон ва Қодирийнинг номига ёзилганлари ҳам бор эди. Мен терговчига “Жулқунбой” бу Қодирий-ку, “Абдулҳамид Сулаймон ўғли” бу –Чўлпон” дедим. “Нага Қодирий бўса, Қодирийман деб ёзмийди ж…б” дея ўдағайлади отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмаган терговчи. Кейин билсам, менгача ҳам бу одамларни топиб берасан, деб газета бош муҳаррири ўринбосарининг қонини ичган экан. Бу ўша даврнинг энг зиёли қатлами мақолаларини чоп эттирган, энг илғор сиёсий фикр минбари бўлган “Эрк” газетасини маҳв этиш учун махсус тайинланган терговчининг савияси эди…

Аммо бу савия ундан кейинги йилларда ҳам юксалмади. Орадан 2 йил ўтиб, мен яна, бу сафар хорижда чоп этилган “Эрк” газетасидаги мақолаларим учун сўроқ қилиндим. Мақолаларим “Эрк” газетида чоп этилганининг сабаби жуда жўн эди: На мамлакат ичкариси ва на ташқарисида “Эрк”дан бошқа ўзбек тилидаги мустақил нашрнинг ўзи йўқ эди.

Хуллас, 1995 йилнинг ёзида 10 кун давомида мени Қаршида, Миллий Хавфсизлик Хизматининг вилоят бошқармасида тергов қилган майор тергов жараёнининг охирги куни столга бир даста папкани қўйди. 10 тача папка эди. “Яна шунақа папкадан 20 та бор. 300-дело бу”, деди терговчи. Бу “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ва асосан хориждаги яна қатор сиёсий фаолларга қарши давлат тўнтариши айбловининг тафсилотлари эди.

Терговчининг айтишича, МХХ нинг Тошкентдаги раҳбарияти бу ишни бир детектив қисса қилиб ёзиш керак, деган фикрга келган ва буни негадир менга таклиф қилишаётганди. Китобни ёзган муаллифни олдинда яхши дивидендлар кутиши табиий эди. Мен буюртма детектив қиссани ёзиш таклифини қатъиян рад этдим. Худди шу таклифни ўша куннинг ўзида бошқарма бошлиғи, МХХ полковниги ҳам қилди, аммо мен олдинда баъзи кўнгилсизликлар бўлиши эҳтимолини ҳам кўзга олган ҳолда, яна ўша жавобни бердим.

Тўғри, МХХ дагилар менга ёзсанг ҳам ёзасан, ёзмасанг ҳам ёзасан, қабилида шарт қўйгани ёки очиқдан-очиқ босим ўтказгани йўқ. Гарчи сўроқ жараёнида бир – икки марта “подвалга оп тушамиз, қамаймиз” қабилидаги таҳдидлар бўлган эса-да, кўпинча терговчи мулойимлик ва маданият билан муомала қиларди.

У МХХ ИИВ эмаслигини, ўзларининг савияси баландлиги ва инсон ҳуқуқларидан хабардорликларини таъкидлашни яхши кўрарди. Кейинроқ мен худди шу терговчи сўроқ қилган бошқа дўстларимга нисбатан ҳам шундай муомала бўлганини эшитдим. Лекин мен ва менинг ёш талаба, журналист тенгдошларимга жасорат берган яна бир нарса бор эди. Ўша пайт Каримов АҚШга илк сафар билан борган ва Клинтон билан Оқ уй боғчасидаги ярим расмий учрашувда мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, мухолифат билан мулоқот қилишга ваъда берган эди. Мамлакатда сиёсий конъюнктура ўзгараётганининг белгилари бор эди. Мен буни сўроқ жараёнида англагандим.

Яна бир англаганим- ҳукумат, мамлакатдаги энг катта сиёсий ёлғонларни уйдирган ташкилот ҳам бу ёлғонларни дастаклаб туриш учун бир нави ўзининг “Усмон Ҳақназаров”ига эга бўлишни хоҳларди. Аммо бу каби муаллиф пайдо бўлмади чоғи, “давлат тўнтариши” ҳақидаги дело детектив қиссага айланмади. Кейинроқ, 1999 йил портлашларидан кейин ҳам худди шундай муаллиф яратишга уриниш бўлди. Исроилдан келтирилган Олег Якубов февраль портлашларининг “бутун ҳақиқатини очиб ташлади”. Аммо юз минглаб нусҳада чоп этилган бу “ҳақиқатлар”нинг эффекти 2003 йилда марҳум Зайниддин Асқаров Тоштурма деворлари ортида туриб берган бўғиқ баёнотчалик бўлмади. Чунки у ёлғон эди…

Бугун Бобомурод Абдулла -Усмон Ҳақназарга қарши тўқилаётган айблар, ўқилажак айбномаларнинг эффекти ҳам Ҳақназаровнинг энг бўш мақоласичалик бўлмайди, деб ишонаман. Аммо Ўзбекистондаги эркин сўз ва матбуот учун бунинг оқибатлари жуда ёмон бўлиши мумкин. Бу айбнома эндигина атрофига қараб, рост сўзни, ҳақиқий воқеъликни мушоҳада қилиб бошлаган, қолиплардан қутулиш учун ўзида журъат сезаётган янги матбуотнинг кўзини қўрқитиб қўйиши, мамлакатни яна ўша, 26 йил давомида уйдирилган ёлғонлар чоҳига қайтадан итариши мумкин.

Ҳозирнинг ўзида бу матбуотнинг энг жасоратли қатлами ҳам “Бобомурод Абдулланинг иши нима бўлар экан”, деб нафасини ичига ютиб ўтирибди. Бу шов-шувли ҳибсга олиш ҳақида ҳали лом-мим дегани йўқ. Таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон аэропортда 1937-йиллар услубида, қўлига кишан солиб, олиб кетилганида ҳам, то шаҳар милицияси бу шармандали ҳибсни очиқламагунича, мум тишлаб ўтирди.

Бугун зиндонга ташланган Бобомурод Абдулла, ҳақиқат бўғилган, моғор босган бир муҳитда, миллатнинг рост сўз ва тоза нафасга эҳтиёжини ўзи билган йўлда таъмин этиб келган, ўз ҳақиқатларини баралла айтиб келган қалам аҳли, фуқаролик позициясига эга бўлган бир журналистдир. Унинг ёзганлари олий ҳокимиятнинг коридорларида очиқча бўлмаса ҳам, пучмоқларида ҳадик ва шивир-шивирлар билан муҳокама қилинганини яхши биламиз.

Ҳатто давлатнинг йирик арбобларидан бири “Усмон Ҳақназар-Россия махсус хизматларининг лойиҳаси” дегани ҳам маълум. Аммо не тонг ва не бахтки (бахтми, бахтсизликми) бу ўзимизнинг Бобомурод бўлиб чиқди. Бугун қаҳрамонлар кўпайиб қолгандир, аммо Бобомурод энг қийин ва зиддиятли даврда жамият ва айниқса, ҳокимиятга ойна тута билди. Журналист ва матбуотнинг асосий вазифаси ҳам шу эмасми?

Бобомуроднинг устидан ўқиладиган ҳукм Каримов давридаги кўпгина маҳкама жараёнлари каби, шунчаки бир томоша бўлмайди. Бу ростмана маҳкама бўлади. Назаримда, собиқ ёки умри тугаб бораётган тузум ўзининг устидан мудҳиш бир ҳукмни ўқишга тайёргарлик кўраётгандек… Ва бу ҳукм табиийки, қораловчи оҳангда бўлади. Худди Усмон Ҳақназар мақолаларининг оҳанги каби. Бу сиёсий кўрликми? Билмадим.

Мен бу жараён сиёсий ҳурликнинг бошланиши бўлишини истардим. Бобомурод орзу қилган ва орзу қилибгина қолмай, жони бадалига қалами билан ҳимоя қилишга уринган сиёсий ҳурриятнинг. Бир вақтлар бир тенгдошим афсус билан “бутун онгли ҳаётимиз Каримов тузумининг ёлғонлари остида ўтибди-я”, деганди. Бунга ҳам 15 йил бўлибди. Бобомуроднинг озодлиги яна бир авлоднинг онгли ҳаёти сиёсий онгсизлик ва шуурсизлик остида ўтиб кетмаслиги учун муҳим…

Паҳлавон Содиқ

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM