Бош мавзулар

Паҳлавон Содиқ: “Алишер оддий журналистдан каттароқ шахсият эди”

Алишерни эсласам, беихтиёр Эркин Воҳидовнинг Лермонтов, Есенин ва Усмон Носир ҳақида айтган сўзлари ёдимга келаверади. Марҳум шоиримиз, мен Есенин ёки Усмон Носирни қариб, қартайиб, ҳассага суяниб юрганини тасаввур қилолмайман. Улар менинг тасаввуримда фақат навқирон ва ўтли ёшида муҳрланган, деган сўзларни айтган эди.

Менинг мақтул дўстим Алишернинг умри қотилнинг қўлидан ниҳоя топмасайди ёки Яратган Усмон Носирларнинг қисматини ато этмасайди, ким билади, бугун Алишер қаерда бўларди. Аммо менинг ҳам тасаввуримда Алишер Соипов 10 йил олдингидек, 26 ёшида муҳрланган, қолган…

2005 йилда мен Қирғизистондаги президент сайловларини ёритиш учун Бишкекка боргандим. Қирғизларнинг қонли лола инқилоби ва кўп ўтмай юз берган Андижон қирғинидан бутун минтақа ларзага келган, Алишер ҳар доимгидек, бутун бу воқеаларнинг эпицентрида эди. Қирғизистонга борган номи хорижий журналист борки ё уларни Алишер шахсан қарши олар ёки унга албатта бир марта рўбарў келарди. Алишер касбий профессионализмидан ташқари, жуда ҳам истарали, инсонни оҳанрабодек тортар эди.

Ўзбекистонлик дўстларим мени кечиришсину, лекин негадир менга ҳамма вақт ўзбекларнинг энг яхши сифатлари бугунги Ўзбекистон деб аталмиш жўғрофиядан кўра кўпроқ, унинг атрофида, тақдир тақозоси билан қўшни давлатларга сочилиб кетган ўзбекларда кўпроқ намоён бўладигандек. Назаримда, Алишер Ўзбекнинг бу энг яхши сифатларини ўзида жо қилган фарзандларининг ҳам энг яхшиси, муносиби эди.

Балки у ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида кўпроқ қайғурганидан менда шундай таассурот қолдиргандир. Дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам, ўзбекнинг дардига малҳам бўлгиси келарди. Эронга бориб, у ерда мушкул аҳволда қолган диндор муҳожир ўзбекларга, мазлум аёллар ва болаларга Эрон ташқарисидан бошпана топишда кўмаклашган, бу ишларни ҳеч кимга айтмасдан, худди оддий журналистика билан шуғулланаётган, касбий бурчини адо этаётгандек амалга оширганди…

2005 йилнинг ўша алғов-далғов кунлари биз Алишер билан Бишкекда учрашган, у ердаги сиёсий жараёнлар, вазият ва Андижондаги қирғиндан қочиб, Жалолободга сиғинган қочқинлар ҳақида гаплашгандик. Алишер қирғизларнинг лола инқилоби вақтида инқилоб етакчиларини қандай қилиб ўқлар ва режимнинг жосусларидан яширгани, Бакиев ва Ўтунбаевалар билан бирга Ўшда хонадонма-хонадон яшириниб юришгани ҳақида гапириб берганди.

Янги қирғиз ҳукумати етакчилари бу 23 яшар ўзбек боласини яхши танир, Бишкекда у кириб бормаган ҳукумат идораси йўқ эди. Биз сайловнинг эртаси куни Жалолободга андижонлик қочқинлар жамлоғига учишни режалаган, Алишер эса эртаси куни бизга қўшилиши керак эди. 12 июль тонгида Бишкек аэропортидан эски, шалоғи чиққан “кукурузник” самолётда Жалолободга йўл олдик.

Самолётнинг на дурустроқ ўриндиғи ва на хавфсизлик камари бор эди. Биз ўтирган жойдан учувчи кабинасидаги узуқ-юлуқ кабеллар кўриниб турарди. Менинг ўзим бир аҳволда, аммо инглиз ҳамкасбимга далда беришга уринардим. Сизларнинг “Аэробус”да иккита мотор бўлса, бунда тўртта мотор, ҳарбий самолёт бу, қулаб тушишимиз имконсиз”, дер эдим. Эртасига эрталаб Алишер телефон қилиб, биз учган ўша учоққа ўтирганини айтди. Аммо орадан 10 дақиқа ўтиб, яна сим қоқди ва “ака, мен етиб келдим” деб кулишди. Самолёт ҳавога кўтарилмасдан туриб, ёнғин чиққан экан…

Жалолободдаги андижонлик қочқинлар жамлоғига ўзимиз йўл олдик. Қочқинлар яқиндлагина ўққа тутилган, яқинларидан айрилган, ўзбек махсус хизматлари уларни ўғирлаб кетиши ёки яна бирон кор-ҳол юз беришидан қўрқишар эди. Ҳеч кимга ишонмас эдилар. Биз жамлоқни қўриқлаётган қирғиз ҳарбийларига ҳам, ичкаридаги қочқинларнинг лидерларига ҳам Алишер Соипов номини айтдик.

Улар Алишерни яхши танишар ва унга ишонишар эди. Ўша кунларда қирғиз матбуотида ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Алишернинг “бошига 10 минг доллар мукофот пули” тиккани ҳақидаги хабар чоп этилганди. “Арзон баҳолашибди мени ака”, деб кулганди Алишер ўшанда. Аммо хавфнинг жиддийлигини Алишер ҳам, мен ҳам яхши билардик…

Мен Қирғизистондалик пайтим андижонлик машҳур уламо Абдували қори Мирзаевнинг ўғли Абдулқуддус ҳам Қорасувда, қариндошлариникида эканидан хабар топдим. У билан телефонлашдик, аммо кўриша олмадик. Андижон воқеаларидан кейин Абдулқуддус ва оиласи учун ҳам Ўзбекистонда қолиш янада хавфлироқ бўлиб қолган эди. Абдулқуддус оиласи билан Қорасувда, адашмасам, тоғаси Муҳаммадрафиқ қориларнинг уйида ёки ўшаларга яқин бир хонадонда эди.

Хориждан сиёсий бошпана олишга қарор қилган, Қирғизистонда зарур ҳужжат ишларини битириш, йўл-йўриқ топиш учун бир ҳамфикр, ишончли одам излаётганди. Мен унга Алишерни тавсия қилдим. Абдулқуддус жуда закий, айни пайтда репрессиялардан зада бўлган хонадон мансубимасми, жуда эҳтиёткор, етмиш марта ўлчаб, бир кесадиган, мулоҳазали, олим йигит эди. У билан 1997 йилда танишган, отасининг тақдири ҳақида Тошкентда ва уларнинг Андижондаги хонадонида жуда кўп суҳбатлашган, ҳеч қачон матбуотга айтилмаган омонат гапларни айтиб берган эди.

Бу гапларнинг бир қисмини у кейинроқ, 2007 йилда Алишер билан суҳбатлашганда ҳам айтган ва Алишер бу суҳбатни “Сиёсат” газетида чоп этган эди. Бу суҳбат ҳозирга қадар Абдували қори Мирзаевнинг тақдирига алоқадор энг муҳим суҳбат бўлган эди. Орадан икки ой ўтиб, Абдулқуддус Мадинадаги автоҳалокатда дунёдан кўз юмди, яна бир неча ой ўтиб эса, Ўшнинг марказида отилган ўқ Алишернинг ҳаётига якун ясади…

Мен бу икки дўстимнинг бир-бирига жуда ҳам ўхшаши ҳақида уларнинг вафотидан кейин кўп ўйладим, ўйлайман. Тақдирларидаги ўхшашлик ҳақида ҳам…

Ва нимагадир Алишер ҳаёт бўлганида, 2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда ўзбеклар ваҳший оломон томонидан сўйилмас эди, деб ишонаман. Менинг кўр ишончимга кўра, Алишер бунга йўл қўймас эди. Менга Алишер ўлдирилганидан кейин Ўшдаги ўзбеклар эгасиз, йўлбошчисиз қолгандек туюлаверади. Бу маънода Алишер ҳали тириклигидаёқ мен ва ишончим комилки, бошқа қатор дўстларим учун ҳам оддий журналистдан кўра каттароқ шахсият эди.

2010 йилдаги Ўш воқеаларидан олти ойча аввал Қирғизистоннинг бўлажак президенти Роза Ўтунбаева Лондонга келган, биз у билан Алишер ҳақида суҳбатлашгандик. Ўтунбаева аввалига “мен ўзбекчани она тилимдек биламан, ўзбекларнинг орасида катта бўлганман, истасангиз, ўзбекча суҳбатлашамиз” деди, аммо бир-икки жумладан кейин суҳбатни қирғизчага буриб юборди. Ва алал-оқибат рус тилида гаплашдик. Эҳтимол, мен ноҳақдирман, аммо назаримда у ўзбекча гапириб, сиёсий хато қилиб қўйгандек ва дарҳол бу хатони тузатганга ўхшаб туюлганди менга. Айниқса, Ўтунбаева раҳбари бўлган ҳукумат ўзбеклар қирғинига йўл қўйиб берганидан кейин менда бу таассурот янада қатъийлашди.

Аммо Ўтунбаева ҳамда бошқа қирғиз сиёсатчиларининг Алишер Соиповга ҳурмати чинлигига мен ишонаман.

Айниқса, 2010 йил воқеаларидан кейин Қирғизистондаги ўзбекларнинг сиёсий борлиги қанчалик камайганини инобатга олсак, бу Алишернинг шахси, ўрни ва хотирасининг қадрини янада баландроқ кўтаради.

Аллоҳ Алишерни ғариқи раҳмат, шойистаи жаннат айлаган бўлсин!

Дўстимизнинг умрини қизи Зулайҳога қўшиб берган бўлсин!

Паҳлавон Содиқ

Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM