Бош мавзулар

Ўзбекча аҳолишунослик: намозхонлар ва демография

Статистика худди яширилган касални ошкор қилувчи иситмадек гап – яланғоч рақамлар ё ёлғонни фош этади, ё панага олинган ҳақиқатни юзага чиқаради.

Кеча президент Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург губернаторини қабул қилгани ортидан ЎзА давлат агентлиги бир қизиқ рақамни эълон қилди.

Баён қилишларича, ҳозир Россиянинг бу йирик кентида 1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда экан.

Маълумотингиз учун, хорижий бир шаҳарда 1 миллионга яқин ўзбекистонликнинг тирикчилик қилиши – жуда катта рақам.

Масалан, Ўзбекистоннинг ўзидаги икки вилоятда ҳам тахминан шунча одам – Навоий вилоятида 900 минг, Сирдарё вилоятида 800 минг киши истиқомат қилади.

Питерда 1 миллион, Москвада қанча?

Турли таҳлилчи-ю кузатувчиларнинг ўзбекистонлик муҳожирлар сони борасидаги тахминий ҳисоб-китобларини эътиборсиз қолдириш мумкин. Лекин давлат агентлиги бу масалада ахборот берганидан сўнг, саволлар туғилади.

ЎзА биргина Санкт-Петербургда салкам 1 миллион ўзбекистонлик бор деганида фақат қонуний меҳнат қилаётган муҳожирларни назарда тутганми ёхуд ноқонуний мақомдаги ўзбекларни ҳам ҳисобга олганми — ёлғиз Яратганга аён.

Санкт-Петербург яхши, лекин Россияга борган муҳожирлар учун энг жозибадор макон эмас. Россиянинг ҳар қандай ички рейтингида бўлгани каби, мигрантлар сони бўйича ҳам пойтахт Москва биринчи.

“Демоскоп Weekly” маълумотига кўра, бутун Россия бўйича патент олиб ишлаётган жами меҳнат муҳожирларининг 420 мингга яқини Москва шаҳрида, салкам 200 минги Санкт-Петербургда.

Айни дамда, патентли бу муҳожирларининг 58 фоизини (ёки 926 минг нафарини) ўзбекистонликлар ташкил этади. Патентсизлари, мантиқан, бундан-да кўп.

Бу ҳол, агар Петербургда 1 миллионга яқин ўзбекистонлик бўлса, Москвада ундан ҳам кўпроқ ватандош бор, деган хулосага асос бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, ЎзА агентлиги эълон қилган “1 миллионга яқин юртдош” ахбороти эса ҳам қонуний, ҳам ноқонуний муҳожирларни қамраб олгани эҳтимоли юқори.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов июлда ўзбекистонлик ватандошлар билан ўтказган мулоқоти чоғида ўтган йили 1,7 миллион ўзбекистонлик Россияга чиқиб кетганини айтганди.

Россия ижтимоий таҳлил ва прогнозлаштириш институти эса 2017 йил 1 август ҳолати бўйича Россияда салкам 2 миллион ўзбекистонлик бўлгани ҳақида маълумот берган.

Россия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2017 йил бошидан бери 3 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароси Россияда рўйхатга олинган. Рўйхатга олинмаганлари қанчалигини аниқлаш имконсиздек кўринади.

‘15 миллион намозхон‘

Ўзбекистоннинг давлат Статистика идораси яқинда мамлакат аҳоли сонига доир янги маълумотларни эълон қилди. 1 октябрга келиб, Ўзбекистон аҳолиси сони 32,5 миллион кишига етган.

2017 йил 1 январида аҳоли сони 32,1 миллион киши эди – уларнинг 16,1 миллион нафари (ёки 50,2 фоизи) эркаклар, 15,9 миллиони (49,8 фоизи) эса аёллар.

32,1 миллион киши ҳам, 32,5 миллионлик рақам ҳам барча-барчани – янги туғилган чақалоқлардан тортиб, аср билан тенглашган отахону онахонларни, ўзбеку русларни ўз ичига олган.

Шу жиҳатдан, давлат Статистика идорасининг бу рақамлари ЎзА давлат агентлиги томонидан 2017 йил 1 сентябрда – Қурбон Ҳайити куни эълон қилинган маълумотлар билан зиддиятга боради.

“Мамлакатимиздаги жомеъ масжидларида ҳайит намози ўқилди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларда 15 миллиондан ортиқ юртдошимиз саодатли кун ибодатини адо этди”, деб ёзганди ўша куни ЎзА.

Саволлар кўп, лекин ҳеч бўлмаса улардан бири янграши керак – намозга чақалоқлар ҳам чиққанми?

Яна бир қизиқ жиҳат — 2017 йил 1 январь ҳолати бўйича, Ўзбекистонда 750 мингдан зиёд рус, 177 мингга яқин корейс, 70 мингдан зиёд украин миллатига мансуб аҳоли бор.

Улар нуфусида ярми аёллар деб топилса ҳам, қолган ярми салкам ярим миллион эркак бўлиб чиқади. Миллати, эҳтимолки, дини ҳам бошқа, лекин Ўзбекистон аҳолиси таркибидаги 16,1 миллион эркак қаторидаги кишилар.

ЎзА келтирган ҳар иккала рақам – Санкт-Петербургнинг ўзида салкам 1 миллион ватандош яшаши ва Ҳайит намозига 15 миллион киши чиққани ҳақидаги маълумотлар рост деб қабул қилинадиган бўлса, яна савол туғилади.

Модомики, агар Ўзбекистонда Ҳайит намозига бир кунда 15 миллион киши чиқса, биргина Санкт-Петербургнинг ўзида 1 миллионга яқин, Москвада ундан кўпроқ, бутун Россия бўйлаб 2 миллиондан зиёд ўзбекистонлик тирикчилик қилаётган бўлса, Россиядан ташқари Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, АҚШ ва бошқа мамлакатларда ҳам минглаб, юз минглаб ўзбек ватандошларни бирлаштирган жамоалар борлиги ҳам ҳисобга олинса – Ўзбекистон аҳолиси, балки, 32,5 миллион эмас, ундан ҳам кўпроқдир?

Лекин Фарғона водийси ёки Сурхондарёдаги катта ва кичик қишлоқларда, мавсумига қараб, эркак зоти анқонинг уруғи бўлиб қолиши, нафақат эркаклар, балки аёлларнинг ҳам маҳалла-маҳалла бўлиб Ўзбекистондан четга ишлашга кетаётганига жонли гувоҳ бўла туриб, бир кунлик бомдод намозига 15 миллион киши чиқа олишига яна шубҳаланиб қоласан, киши.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM