Ўзбекистон

Мирзиёев: “2018 ҳал қилувчи йил бўлади”

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил “Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлиши”ни айтган.

Ўзбекистон халқига Янги йил табригида Президент “қийинчиликларга қарамасдан, 2017 йил ҳар томонлама омадли ва баракали” бўлганини таъкидлаган.

Мирзиёев ўзи раҳбарлик қилган биринчи йилни мамлакат тараққиётида “янги давр, янги босқич” деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, “давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда”.

“Халқ деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда”, – деб айтган Президент.

Ўз табригида Мирзиёев минтақадаги қўшнилар билан алоқаларни яхшилашга қаратилган ташқи сиёсатини ҳимоя қилган.

“Қўшни давлатлар билан муносабатларимиз янгича руҳ ва мазмун касб этмоқда.Бу эса минтақамизда ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини янада кучайтириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда”, – деб айтган давлат раҳбари.

Мирзиёевга кўра, бу сиёсат “стратегик йўл”дир ва у 2018 йилда ҳам давом эттирилади.

У Янги йилда ҳам одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини, аҳоли даромадларини оширишга алоҳида аҳамият берилишини таъкидлаган.

Мирзиёев аввалроқ парламентга мурожаатида 2018 йил “осон бўлмаслиги”ни айтганди.

“2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди”, – деган Президент 22 декабр кунги нутқида.

1 январга ўтар кечаси Ўзбекистон телевидениеси ва Президентнинг Фэйсбукдаги расмий саҳифасида олиб кўрсатилган табрик Шавкат Мирзиёевнинг Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига иккинчи табриги бўлган.

Ўтган йили биринчи марта давлат раҳбари халқни шахсан табриклаганди.
Каримов даврида Президентнинг Янги йил табриги телевидение бошловчиси томонидан ўқиб эшиттирилган.

Манба: bbc.com/uzbek

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM