Махсус дастур

Қахр овулининг ватандоши

Урганч шаҳри билан Урганч тумани ўртасида бир мавзе бор. Бу мавзе жуғрофия ҳаритаси ва ЖПС олатларида Қоровул қишлоғи дея белгиланган.

Хозир бу қишлоқнинг оти “Қувайт” дея машхур бўлди. Бензин олибсотарлари ғуж бўлиб жойлашгани боис қишлоққа бу исм тақилди.

Бу мавзенинг яна бир исми “Жингавуз”.

Чор даврида америкадан келтирилган пахтадан ип йигирадиган машина турадиган уй бўлган экан бу маҳаллада. Шу боис бу маҳалла jeans house деган инглизча сўзнинг бузилган шаклида Жингавуз дея аталган.

Ўтган асрдаги миллат ойдинлари учун бу кўча Матназар оғанинг кўчаси эди.

Марҳум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким ўз қишлоғини қоровул эмас балки қахр овули деб таснифлар эди.
Урганч шаҳри Маяковский кўчасидаги уйда ўтириб ичим қисилса учта дўстим билан гуринглашиш имкони бор эди.

Агар қирғиз ëп бўйлаб юқорига ўрлаб¸ шаҳар марказини кесиб ўтсам Надмес маҳалласи Кутузов кўчасидаги рассом дўстим Давронбекнинг уйига борар эдим.

Мабода уйдан чиқиб ўнг тарафга қараб 500 метр юрсам Фурқат кўчасидаги машхур ҳайкалтарош Солий Қодировникида меҳмон бўлар эдим.

Фурқат кўчасида яна битта “жаҳон билмаган ” улуғ примитив рассом Сапо Орқайин ҳам яшар эди. Табиатан одамови бўлган Сапо Орқайиннинг уйига камроқ борганман.

Энди мабодо дарвозам эшигидан тўғри юриб асфальтни кесиб ўтгач беш юз метрча юрсам Матназар оғанинг уйи олдидан чиқар эдим.

Мен кўпинча Матназар оғанинг уйига боришни таржи этар эдим¸ зотан бу уйда Давронбек ва Солий оғаларни учратиш мумкин эди.

Ëз кунлари ташқари ховлидаги супада ҳусайни узум сўлқимлари осилиб турган ишком остида ўтирар эдик.

Матназар оға кўпинча Навоийдан ғазал ўқирди. Кейин эса ўз шеърларидан ўқиб берар эди.

Матназар оға туркигўй шоирлардан энг буюги дея Алишер Навоийни алқар эди.

Ўзи турк бўла туриб форсийда ëзган Бедил ва Пахлавон Маҳмуд Матназар оға учун илҳом манбаи эди.

Замонавий шоирлардан фақат Муҳаммад Солиҳ¸ Рауф Парфи ва Баҳром Рўзимуҳаммадни тан оларди.

Чучмал ва буюртма шеър ëзганларни ëмон кўрар эди раҳматлик.

Бир куни “Хоразм ҳақиқати” газаетасида Октябрь инқилобининг 70 йиллигига аталган хашар поэма чоп қилинди.

Бу поэманинг икки куплети Матназар оғага оид эди. Равон ва чиройли жумлалар билан ëзган эди Матназар оға.

“Нонимизни баҳам кўрдик очлар билан биз¸ байроқни эса энг тепага тикдик” деган мазмундаги сатрлар эди.

Мен бу газетани киоскадан атайлаб олиб Матназар оғага кўрсатдим.

“Бундай шеърни қандай ëзасиз¸ технологияси қанақа?” дея киноя аралаш қувлик билан савол бердим.

Матназар оғанинг сарғиш юзи қизарди. Ҳар доим ҳазилга ҳазил билан жавоб берадиган оғамиз аччиқ эътироф қила қолди:

“Жалабчилик қандай қилинса бу ҳам шундай қилинади” деди Матназар оға оғир таассуф билан.

Ҳиссиëт одами эди¸ балиқ овини¸ сулгун солинган сузма паловни ва китоб йиғишни севар эди.

Оғамизни оллоҳ раҳмат қилсин дея у ëзган шеърларни такрор ўқиймиз:

Юртингга юртимдан бош олиб келдим,
Дўстга гул, душманга тош олиб келдим.
Кўзларимдан менинг минг умид билан
Кўзларингга сенинг ёш олиб келдим.’

Шуҳрат Бобожон

Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM