Ўзбекистон

Халқаро ташкилот: Ўзбекистон коррупцияга ботган давлат

“Transparency International” ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботда Ўзбекистон яна охирги ўринлардан бирини эгаллади. Мамлакат 180 давлатдан иборат рўйхатнинг 157-поғонасидан жой олган.

Нолдан 100 баллгача бўлган баҳолаш тизимида баҳо қанча паст берилган бўлса, ўша мамлакатда коррупсия даражаси шунча юқори ҳисобланади.

“Коррупцияни қабул қилиш индекси” деб номланган ҳисоботда, экспертлар томонидан олигархик-авторитар давлат деб таърифланган Ўзбекистонга 22 балл берилган. Ўтган йилга нисбатан баҳо бир баллга ошган, холос.

Айни ташкилотнинг 2016-йилги вазиятга оид ҳисоботида Ўзбекистон 176 давлат орасида 156-ўринга қўйилган ва Марказий Осиёнинг энг коррупциялашган давлати деб топилган эди.

Бу йилги ҳисоботга кўра, минтақанинг коррупцияга энг кўп ботган давлати деб Туркманистон топилган. У рўйхатнинг 167-поғонасига қўйилди.

2017-йилги кузатувларга кўра, коррупция нисбатан кам деб баҳоланган минтақа давлати Қозоғистон бўлиб чиқди. У 122 ўринда.

Қирғизистон рўйхатнинг 135, Тожикистон эса 161-поғонасидан жой олган.

Рўйхатнинг биринчи учлигини эгаллаган, яъни коррупция энг кам бўлган давлатлар – Янги Зеландия¸ Дания ва Финляндия.

Минтақалар орасида коррупциядан энг холи ҳудуд деб Ғарбий Ёвропа топилган (ўртача баҳо 66). Энг ёмон кўрсаткич Африканинг Саҳро минтақасида (ўртача 32 балл) ҳамда Шарқий Ёвропа ва Марказий Осиёда (ўртача 34 балл).

Журналистлар энг кам ҳимояланган давлатлар айни пайтда коррупсия энг кўп тарқалган ҳудудлар экани аниқланган.

Дунёдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпида аввалги йилларга қараганда аҳвол ўзгармаган ёки ёмонлашган.

2017-йил 2-феврал куни президент Шавкат Мирзиёйев 2017−2018-йилларда Коррупцияга қарши кураш Давлат дастурини тасдиқлаган бўлса-да, ҳозирча мамлакатда бу дастур доирасида қилинган ишлар ҳақида жамоатчиликка ҳисобот берилган эмас.

Манба: amerikaovozi.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM