Махсус дастур

Ўзбек сўми қадрсизланишда давом этмоқда

Мамлакатимизда чет эл валюталарининг сўмга нисбатан қиймати ошишда давом этаётир. Марказий банкнинг хабарига кўра, банклар бугун, яъни 26.02.2018 йилда 1 АҚШ долларини 8190-8200 сўмга сотиб олмоқда.

Бироқ, эркин валюта сотилиши бошланган 2017 йилнинг 5 сентябридан то бугунги кунгача мижозлар банк орқали фақат ўзларидаги чет эл валюталарини сота олади. АҚШ долларини нақд сотиб олишни хоҳловчиларга эса банк ходимлари бош бармоғини кўрсаткич ва ўртанча бармоқлари орасига киритиб, ўз мижозларига кўрсатиш орқали жавоб бериб қўя қолади:)

Аммо ўтган йиллар давомида, яъни Ислом Каримов бошқаруви даврида банклардан валюта сотиб олишни ҳатто орзу қилиш ҳам мумкин бўлмай қолгани инобатга олинса, Мирзиёевнинг валюта сотиш сиёсатини эътироф этишимизга тўғри келади.

Гап шундаки, ҳозирги кунда АҚШ доллари сотиб олиш истагида бўлганларнинг валюта конверсион виза картасига 8220.00 сўм ташлаб берилади.

Бироқ, узунқулоқ гапларга қараганда, кейинги пайтларда мижозларнинг валюта конверсион виза картасига валюта “ташлаб бериш”да ўзига хос муаммолар пайдо бўлган. таҳлилчиларнинг айтишларича, айнан шу каби омиллар туфайли валюта қора бозори яна қайта жонланган.

Шундай қилиб, айни кунларда Тошкентда ва вилоятларда яширин (аслида очиқча) фаолият юритаётган валюта қора бозорида валютафурушлар 1 АҚШ долларини 8200 сўмдан сотиб олмоқдалар. Сотиш: 8300 сўм.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги кўпгина банкларда Россия рублини сотиш ва харид қилиш тўхтатилганлиги, ён қўшнимиз Қозоғистоннинг миллий валютаси – тенгени сотиб олиш ва сотиш амаллари жорий этилмаганлиги боис валюта қора бозорларида Россия рубли ва Қозоғистон тенгесининг савдоси ошиғи олчи бўлмоқда.

Шу тариқа, айни кунларда валюта қора бозорларида валютафурушлар 1 Россия рублини Марказий банк томонидан белгиланган 145.89 сўм ўрнига 148 сўмдан сотиб олмоқда. Сотиш: 150-152 сўмгача кўтарилган.

Қозоғистон тенгесини айтмайсизми, Жанубий Қозоғистон вилоятида жойлашган “Жибек жўли” чегара пункти бўйидаги бир неча ёйма бозорлар Тошкент вилояти фуқаролари ва тошкентликларнинг бозор-ўчар қиладиган масканига айланганидан бери тенгенинг курси ўсишдан тўхтамаяпти.

Бир пайтлар қозоқ биродорлар бизнинг 1000 сўмимизни 25 минг тенгега харид қиларди. Эндиликда биз уларнинг 1000 тенгесини 27 000 сўмга сотиб олишга мажбур бўляпмиз.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада 1000 тенге 25 000 сўм эди.

Ҳа, Ўзбекистонда жиддий инфляция, пулнинг қадрсизланиши авж олмоқда. Лекин бу борада соҳа мутахассислари сукут сақлашда давом этаётир. Миллий валютамиз сўмнинг қадрсизланиши боиси ҳақида ҳеч қандай тушунчалар берилмаётир.

Рўзибай Азимий

Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM