Махсус дастур

“Кўп нарса бизга жуда оз боғлиқ эди”

Бу иборани Шавкат Мирзиёев Бишкек зиёратида айтган эди.

Бу ибора киноя устаси бир шоирнинг сатри каби xудди.

Айнан шу ибора билан Мирзиёев Марказий Осиёнинг энг мустабид режимларидан бўлган Каримов режимидаги хизмат даврини тасвирлаган эди.

Ҳа, яхши ниятларни ҳеч кимга билдирмасдан, юрагида сақлаб ҳам узоқ йиллар яшаш мумкин экан.

Қизиқ, инсон зоти сув остида нафас олмай қанча вақт қолиши мумкин?

Мен масалан, энг узоғи билан бир дақиқа қолишим мумкин.

Бу ишнинг машқини олган шундай инсонлар бор-ки, улар сув остида 3 дақиқагача қолишлари мумкин экан.

Кўриниб турибдики, Мирзиёев ишнинг машқини олган инсонлардан: у ўн йилдан кўпроқ тишни-тишга босиб, ўз “шефи”нинг энг оғир ва параноидал “ноз”ларини матонат билан кўтариб юрди. Ва унинг юқорида зикр этганимиз “парвози баланд” ибора, аслида, 90-нчи ва 2000-нчи йиллар Каримов мулозимларининг ўз “шеф”ларига қарши шууростида шаклланган умумнорозиликнинг тимсоли эди.

Аммо мен мустақил Ўзбекистоннинг бир ватандоши сифатида, Ўзбек президентининг бугун ҳам тишларини қисиб, марҳумга ҳайкаллар қўйишини истамасдим тўғриси.

Чунки бунга катта эҳтиёж бор деб ўйламайман. Айникса, энди, Мирзиёев ўлкани чирмаб олган қонунсизлик ва порахўрлик занжиридаги тугунларни бир-бир ечабошлаганда бунга эҳтиёж йўқ. Айниқса, 27 йил “Дода” даврида зомбилашган авлоднинг “дода” азаси унутилиб, авлод кўз ёшлари деярли қуриб бўлганда, бунга эҳтиёж йўқ ортиқ.

Ва бутун халқ зомбилашти деб қўрқиб, уни сокинлаштириш учун ҳаво майдонларига марҳумнинг номини беришга ҳам бора-бора эҳтиёж қолмаяпти.

Мен ишонаманки, бутун бу машаққатларга қарамай, аҳолининг аксарий қисми яшаганимиз 27 йиллик ваҳшат миқёсини идрок этадиган даражада ақли жойида, худога шукур.

Ҳа, Мирзиёев бошлатган ўзгаришлардан халқ илҳомланди, бу рост.

Аммо яна-да мендан бир дўст маслаҳати бор: Президент Мирзиёевнинг кадрлар сиёсатида бир мантиқий тазод, бир мантиқий зиддият бор. Масалан, у бир тарафдан (Бухородаги чиқишида) МХХ золимларининг қилмишларини 37-йил қатағонлари билан тенглаштиради, иккинчи тарафдан золимликда МХХчилардан қолишмайдиган, Андижон қатлиоми маъсулларидан бирини Ички Ишлар Вазирлигининг муҳим бир лавозимига тайинлайди. Айни мантиқий тазодни биз порахўрликлари билан танилган шахслар давлат ва Радио/ТВнинг юксак мақомларига тайинида ҳам кўрдик.

Энг ачинарлиси, давлат раҳбарлиги алмашганига бир ярим йил ўтган бўлса ҳам, давлат тизимларида янги кадрлар деярли кўринмаяпти. Фақат янги лавозимга қўйилган эски мулозимларни кўраяпмиз.

Уларнинг мақом алмашинуви ҳудди шахмат тахтасидаги катаклари ўзгартирилаётган пиёдалар ҳаракатига менгзайди. Ва улар Каримов даврида қандай ишласалар, Мирзиёев қўл остида ҳам айни тарзда ишлашда давом этмакдалар: зеҳният айни, тарбия айни, ўғирлаш одатлари ҳам ҳеч ўзгармаган – айни!

Дўстона айтаяпман: Мирзиёев бу қўрғошин каби оғир аурадан, Каримов даври аурасидан қанча тез қутилса, шунча яхши бўлади.

Энди бошқа бир ҳолатда яшайбошладик. Энди бутун қарталар Президентнинг қўлида, қарталарнинг ҳаммаси унинг қўлида!

Ёппасига Ислоҳ ишини кечиктириш учун унинг баҳона сабаблари кун ўтган сайин камаймоқда.

Энди ЖУДА КЎП НАРСА СИЗГА ЖУДА КЎП БОҒЛИҚ, жаноб Президент.

Муҳаммад Солиҳ

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM