Ўзбекистон

Бобомурод парадокси

Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айбловлар ва бугун Ўзбекистонда рўй бераётган кўплаб ўзгаришлар ўртасида бир парадокс бордек.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзган мақолаларида Бобомурод Абдуллаев Ислом Каримов режимининг кирдикорларини, бу режим устунларининг жиноий фаолиятини очиб берди.

Бугун мазкур “устунлар”нинг аксарияти устидан бир вақтлар Бобомурод ошкор этган маълумотларга уйқаш айбловлар билан жиноят ишлари очилмоқда.

Бобомурод ҳам моҳиятан айнан шу маълумотларни оммага тақдим этиб, режим қилмишларини фош этгани учун судга тортилган.

Парадокс шунда. Жиноятчилар ҳам, уларнинг жиноятларини фош қилган журналист ҳам суд қаршисига олиб келинди.

Эътиборлиси шундаки, журналист мақолаларидаги маълумотларнинг аксарияти ўз исботини топяпти. У узоқ йиллардан буён айтиб келган кўплаб танқидлар (МХХнинг қонундан устун бўлгани, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва бошқалардаги тотал коррупция ва ҳк) ҳозир деярли ҳар кун президент тилидан янграмоқда.

Бобомуроднинг мақолаларида тилга олинган коррупционерлар эса шу кунларда бирин-кетин “ичкари”га олиняпти. Бу жараён янада кучайиши мумкинлигини башорат қилишга асослар ҳам етарлича топилади.

Журналист мақолаларининг илк нишонларидан бўлган Гулнора Каримовага отаси қурган режимнинг емирилишини эркинликда кутиб олиш ҳам насиб этмади.

У ўз очкўзлиги орқасидан бошқа қудратли кучларга тегишли бизнесга дахл қилгани учун тузум чиғириқлари орасида янчиб ташланган илк нуфузли қурбон бўлди.

Режим ўз болаларини ея бошлади, дея тарифланган эди бу ҳолат ўша пайтларда.

Кейин эса МХХнинг Бобомурод мақолаларида жиноятлари фош этиб келинган мансабдорлари ака-ука Ҳаётхўжаевлар, Шуҳрат Ғуломов панжара ортига кетди.

Навбат собиқ бош прокурор Рашид Қодиров кланига етиб келди. МХХнинг яна кўплаб мансабдорлари бугун қонун олдида жавоб бераётир.

Журналистни айнан уларни фош этгани учун жавобгарликка тортиш махсус хизматларнинг ўз башарасини очиб беришига олиб келарди. Шу боис, оддий қаламкашга давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш айби ҳам тиркалди.

Албатта, бу айбловнинг қанчалик кулгили эканини кўпчилик сезиб турибди. Агар бу айблов йўққа чиқарилса, махсус хизматларнинг “юзи” қора бўлиши аниқ.

Энди суд олдида Бобомурод парадоксига қандай ечим топиш масаласи турибди. Бу жуда қийин дилеммага ўхшайди. Зеро, бу вазиятда ҳам “жабрланувчи”, ҳам “айбланувчи” томон панжара ортида турибди…

Сардор Азим

Манба: Eltuz.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM