Бош мавзулар

Бобомурод Абдуллаев судда кўрсатма беришни тугатди

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича судида судья Зафар Нурматов раислигида 29 март куни журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер Ҳаётхон Насриддинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкатжон Оллоёровлар устидан маҳкама давом этди.

Абдуллаев суддаги кўрсатмасини тугатди

29 март куни Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 7 март кунидан бошлаб¸ 15-26-27-28 март кунги суд мажлисларида давом эттирган кўрсатмасини тугаллади.

Мазкур жараëннинг ҳозиргача ўтказилган барча мажлисида қатнашган ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновнинг 29 март куни “Озодлик” радиосига билдиришича¸ айбланувчи Абдуллаев ўз кўрсатмасини:

“Менда давлатни тўнтариш нияти бўлмаган. Журналист сифатида ўзим билган нарсаларни бошқалар ҳам билсин¸ деган мақсадда мақолалар ëздим. Агар мен бу мақолаларни ўз тахаллусим билан ëзганимда¸ биринчи мақоламдан кейин ҳибсга олинар эдим ва бошқа юздан ошиқ мақола ëзилмай қолган бўлар эди. Мақолалардаги ноаниқлик ва ҳақорат аломатлари учун қонун олдида жавоб беришга тайëрман”¸ дея якунлаган.

“Усмон Ҳақназаров” этимологияси

Аъзам Турғуновнинг айтишича¸ кўрсатмани тинглаб бўлган Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов айбланувчи Абдуллаевга қараб “Нега айнан Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ëзгансиз” деб сўраган. Бунга жавобан Абдуллаев:

“Таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг эри Усмон ака мисолида жасурлик¸ одиллик каби хислатларни кўрганим учун Усмон исмини олдим. Ҳақназаров эса ҳақ назар¸ яъни тўғри нигоҳ деган маънони беради”¸ деб жавоб берган.

Судланувчилар айтишуви ва ҳақоратли кўрсатма

Турғуновга кўра¸ судланувчи Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар 29 март кунги суд мажлисида сўзга чиқиб¸ Абдуллаевга қарши кўрсатма берган.

Жумладан¸ Равшан Салаев “Бобомурод Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни ëмон кўргани учун бу мақолаларни ëзганлигини” айтган. Жараëнни кузатаëтган журналист Алексей Волосевичнинг “Озодлик” радиосига 29 март куни билдиришича¸ Салаев ўз нутқида Бобомурод шахсига тегадиган жумлаларни қўллаган.

Бунинг ортидан суд мажлисига раислик қилаётган Зафар Нурматов судланувчиларни бир-бирларини ҳурмат қилиш ва айбсизлик презумпцияси тамойилига риоя этишга чақирган.

Матбуот қизиқиши

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси билан аксилҳукумат ва зиддиятли мақолалар ёзган журналист устидан ўтказилаëтган суд халқаро оммавий ахборот воситалари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътиборида қолмоқда.

Суд мажлисларида, 26-27 март кунлари ” Тошкентда бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” деб номланган халқаро конференцияни ëритишга келган журналистларнинг қатнашгани кузатилди.

Хусусан¸ Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровларнинг маҳкамасини россиялик таниқли журналист Аркадий Дубнов, Ferghananews ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов ҳам бевосита кузатмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистондаги маҳаллий ахборот воситалари ҳам мазкур жараëнни холис ëритишга ҳаракат қилмоқда.

Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаëт Насриддиновлар Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери ҳибсга олинган биринчи журналистлардир.

Манба: ЎХҲ хабарлар бўлими

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM