Бош мавзулар

МХХга Бобомуродни қамаш шунчалар керакмиди?

Журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер Ҳаётхон Насреддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ҳамда Шавкат Оллоёровларнинг суд мажлисларига қатнай бошлаганимдан бери бир савол устида бош қотираман: “МХХ хизматига журналист Бобомурод Абдуллаевни қамаш шунчалар керакмиди?!

Бу саволга жавобан ҳар гал “Йўқ” деган тўхтамга келаман.

Бобомурод Абдуллаев айтганидай ММХ истаса, “Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мақолалар ёзаётган шахсни тезда аниқлашга қудрати етарди.

Бобомурод Абдуллаев маҳкамада айнан шундай деди: “Мени фош қилиш учун МХХ 15 йил давомида уриндими? Агар МХХ истаганида эди “Усмон Ҳақназар”нинг аслини бир кунда топган бўларди! Нега улар Усмон Ҳақназарни Каримов даврида “топа олишмади”-ю, айнан Мирзиёевнинг ҳукумат бошқаруви пайтига келиб, “Ҳақназар” кимлигига аниқлик киритиб қолди?”

Буни биз ҳам ўйлаб кўришимиз керак.

Нега шундай бўлди?

Нега Каримовнинг ҳукмронлик даврида 15 йил давомида топилмаган “Усмон Ҳақназар” тахаллуси ортидаги одам Мирзиёев Президентлик палласида бирданига ошкор бўлиб қолди?

Бунинг мухтасар жавоби таҳминан шундай булиши мумкин:

Ўзбек мухолифати Олий кенгашдан чиқарилиб, бир қисми хорижга сургун қилиниб, бир қисми турмага ташлагандан кейин, яъни 1994 йилдан бошлаб, тоталитар давлатнинг куч ишлатар тизимлари Ислом Каримовга “қора кучлар” ҳақда афсона тўқий бошладилар. Ваҳима касаллиги бўлган ҳукмдор бу афсонани дарров қабул қилди ва “қора кучлар”га қарши керакли бутун тадбирларни олишга буйруқ берди. Айнан 1994 йил, янглишмасам, МХХ бошига Р. Иноятов келди ва у бу ташкилотни 20 йил бошқариб, бутун ўлкани ўз назорати остига олди. “Қора кучлар”нинг афсона эмас, реал таҳдид эканлигини исбот қилиш учун 1999 йил портлашларини уюштиришди. Бу қонли воқеа ўзбек халқининг аксариятини ваҳимага солди, бу МХХ га жуда қўл келди.

2002 йилда Усмон Ҳақназар пайдо бўлди. У халқининг дардларини айтиб, ҳукмат тепасидагилар жиноятларини фош қила бошлади. Бу шахсни МХХ Каримовга “қора кучлар”нинг идеологи сифатида тақдим этди. Усмон Ҳақназарга ҳатто мухолифат орқали баъзи мақолаларни етказиб турган бўлиши ҳам мумкин. Яъни У.Ҳақназар ҳам ҳудди мухолифат каби МХХ учун Каримовдан миллионлаб доллар ундириш учун баҳона бўлди.

Ва шундай қилиб 15 йил давомида У. Ҳақназар фактори МХХнинг билвосита даромад манбаи бўлиб келди дейиш мумкин.

Аммо Каримов ўлди, вазият ўзгарди. Вазиятни МХХ эмас, яна ўша У. Ҳақназров ўзгартирди. У кутилмаганда янги режим тарафига ўтди. Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллай бошлади. Бу билан миллионлаб доллар қозонаётган МХХ ва зобитлари қийин аҳволга тушдилар. Улар йиллар давомида уйдирган афсонанинг тагига сув кетди. Албатта бу моддий тарафдан ҳам катта зарба эди улар учун.
Хўш, бунингдек шароитда энди нима қилиш, қандай йўл тутиш керак?!

Бунинг учун улар олдида биттагина йўл турарди холос!: МХХ нима бўлмасин Шавкат Мирзиёевнинг кўнглига ғулғула солиши, шунинг ортидан уни қўрқув исканжасида ушлаб туриши шарт эди!

“Жатва”, яъни “Ўрим” деб аталмиш проект айнан шу мақсадда “дунёга келтирилди”.

Бу билан умри тугаб бораётганини сезган МХХ “Шавкат Миромонович, мамлакат ичкарисида Мухаммад Солиҳ бошчилигидаги, ҳукумат бошқарувингизни куч билан эгаллашга, Конституциявий тузумни куч билан ағдаришга қодир кучлар бор! Бунингдек бузғунчи, ёвуз кучларни бартараф қилишда, Сизни ҳимоя қилишда биз – МХХ хизмати бормиз! Акс ҳолда Президентлик амалингиз хавф остида қолади!” дея мамлакат Президентини ваҳима исканжасида ушлаб туришга жазм қилдилар.

Бу ерда асос мақсад Бобомуродни “ёпиш” бўлмаган.

Агар мақсад Бобомуродни “ёпиш” бўлса, МХХ тўрт томлик “асар!” ижод қилиб овора бўлиб ўтирмаган бўларди.

Бу ерда асл муддао Бобомурод мисолида Муҳаммад Солиҳ номи билан Шавкат Мирзиёев кўнглига ғулғула солиш бўлган. Чунки мухолифатда Президентни ваҳимада ушлаб туришлари учун Солиҳнинг номидан ўзга муносиброқ исмнинг, одамнинг ўзи йўқ.

Яъни “Жатва”нинг замирида мухолифатни расмийлаштирмаслик ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳни Узбекистонга киритмаслик ётибди.

Қувончли томони шундаки, МХХ маккорлигига қарамасдан, Мирзиёев МХХ хизматини ДХХ хизматига айлантирди ва унинг “ўлмас Кашей” “қироли” бўлган Рустам Расуловични, образли қилиб айтганди, “қуролсизлантирди” – ўз вазифасидан озод қилишга муваффақ бўлди.

Шундай бўлса ҳам МХХ қолдиқлари Бобомурод тажрибасида бошлаб қўйган ўйинларини охирига етказиб қўйиш илинжида сувсиз қолган балиқдек жонсарак бўлиб типирчиламоқда.

Қани, кўрамиз, бу гал мамлакатимизнинг янги Президентининг кўнглига Солиҳ номи билан ваҳима солиш ва қўрқувда ушлаб туриш МХХ қолодиқларининг қўлидан келармикин?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM