Ўзбекистон

Ҳукуматнинг қора рўйхатига тушган Драматург Шароф Бошбековга

Табриклайман! Ишонинг – бу шарафли бир рўйхатдир. Гелвеций: Ҳақиқатни фақат ман қилинган китобларда топиш мумкин, деган. Бир Илинский деганми бир зиёли бастакор инсон инқилобдан олдин тўрт марта революционер деб қамалган экан ва революциядан кейин беш марта контрреволюционер деб қамалган экан. Ҳақиқатни гапирадиган одам ҳеч бир ҳукуматга ёқмайди. Чор ҳукуматига ҳам, совет ҳукуматига ҳам, каримов ҳукуматига ҳам, кейингиларига ҳам. Бироз сабр қилиб туради холос дунёдан уялганидан.

Биз бу рўйхатга кириб чиқиб 1997 йилдан бери юрибмиз. Усмон Азимов ТВда тил ҳақидаги кўрсатувда: ҳукуматдагиларнинг болалари ўзбекча гапирмаса тил қонуни ишламайди да, дегани учунгина ўн йиллардир тақиқда юрди. Чунки Ислом Каримовнинг қизлари ўрисча гапирарди, ўзбекларни харипизм дерди, унинг журналида ишлаганман озгина. Хозир Усмон акадан тақиқ олинган. Сизга навбат келгандир.

Хуршид Даврон тақиқда. Мени ўзгартирган китоб деган кўрсатувда анонси кетди, кўрсатуви берилмади. Жамол Камол тақиқда. Муҳаммад Солиҳ ватанга қайтсин деган хатга имзо кўйилгани учун хозир қора рўйхатга бирдан яна 455 киши киритилган. Масалан, олим Сувон Мелиевнинг такрори берилган барча кўрсатувлардан олдинги интервьюлар олиб ташланяпти. Ўн йилдан бери буюк олим Нажмиддин Комилов тақиқда бўлди. Шароф ака шу сафга ҳуш келибсиз.

Муҳаммад Солиҳ хатига имзо кўйган буюкларнинг бири мен кўймаганман бехабарман деб ўзини оқлаб олди аммо барибир журнали чоп этилмаяпти. Менга ҳам имзонгиз йўқ экан, имзоламаганман деб ёзиб чиқинг деган таклиф бўлди. Ростдан ҳам хатни имзолашга имкон бўлмади, ташаббускорлар гоҳ учрашув жойига келмади, гоҳ мен сафарда бўлдим. Лекин телефонда қўйиб юбораверинглар, дедим. Фбда ҳам хат тагига қўшилиб қайд қўйганман. Инкор этиш талабига: “Халқ мард ва номардга ажралаётган бир нуқтада номардлар сафида бўлишни истамайман. Мен имзолаганлар сафидаман” дедим.

Қора рўйхатдагилар сафига қарасангиз табригим самимийлигига ишонасиз. Бу рўйхатда устоз Шукрулло ака бор, Ойбекнинг ўғли академик Бек Тошмуҳамедов бор, буюк бастакор Зоҳид Ҳақназаров бор буюк шоира Гулчеҳра Нуруллаева бор. Қанча олимлару шоирлар; академиклар бор… Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шу рўйхатда сўнги нафасигача турди ва фақат ўлим бироз уларга экрандан айтилиш имконини берди. Буни ҳамма билади. Эркин Воҳидовнинг жонлари вужудларини тарк этаётган пайтда Фарғонада у кишининг китоблари тақдимоти бўлаётган эди, унда олим Иброҳим Ғофуров бошчилигида зиёлилар қатнашмоқда эди. Тошкентдан Ёзувчилар уюшмаси раҳбари телефон қилиб: “Тезда ортга қайтинглар. Эркин Воҳидов запретдаги одам.. Тадбирларингни тўхтатинглар, давлат раҳбари билиб қолса, балога қоламиз!” – деган. Ўксиниб қайтаётганларида довонга келганда Эркин аканинг оламдан ўтганини эшитган олимларимиз йиғлаб юборганлар. Ўша куниёқ Эркин Воҳидов уйи атрофи асфальт қилинди ва асфальт совумай Шавкат Мирзиёев келдилар, кейин бирор соатдан кейин яна бир бор келдилар. Ёзувчилар иттифоқининг раҳбари телефон қилиб: “Эркин аканинг уй адресини айтинглар, бормоқчимиз”, – деганда, аёллари Гулчеҳра опа: “Қўйлиқда ё Дўрмонда деб юборинглар, шуларни кўргани кўзимиз йўқ” – дедилар. Чунки тиригида буларга шоир ё ёзувчи керак эмас. Мана, Усмон Носир, Чўлпон, Қодирийларни кўрган Шукрулло ака ҳаёт ва тақиқда – уч марта ТВ суратга олиб, бермади. Бу ҳақда ёзилди. Агар тақиқ қўймаган бўлса, ўша тепадаги “ўзимизнинг Берия” (Х.Даврон ибораси) ТВга телефон қилиб: “Беринглар Шукрулло акани” дейиши мумкин ва ўзидан шубҳани соқит қила олади-ку.

Шу сафга бироз бўлса да кириш шарафдир. Фақат оила ва фарзандлар тушунса бўлди. Менинг хотиним дастлабки йилларда шуларни икки оғиз мақтасангиз министр бўлиб юрардингиз, болаларингизни ўйланг, дерди. Одамларга ёлғон гапиришда Ҳудодан қўрқаман, Расулуллоҳдан хаё қиламан ва халқдан уяламан, дердим. Охири тушунгандай…

Токим хар бир тўғрисўзни қора рўйхатга тиқаётган ғайридин тепада турар экан, ислоҳотлар ҳам депсинаверади ва уларнинг ташаббускори ҳам иснодга қолаверади.

Қолаверса, бирларимиз бироз ўзимизни босиқ тутсак, чиқармиз рўйхатдан… Аммо айримларимиз қаттиқ ўрнашганмиз.

Карим Бахри

Манба: ЎХҲ ахборот бўлими

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM