Ўзбекистон

Миллионлаб одам қул каби ҳаёт кечирмоқда

Бир тийин

Одил Аҳмедовга Россиядан туриб “салом“ йўллаган бир тийинлик акаҳон жуда машҳур бўлиб кетди. Қаерга қарасанг “бир тийин“, деган гап. Галстук таққан у инсонга умид назари билан қараб турган, ҳаққини ололмаган, русни қўлида ҳор бўлиб юрган йигирма тўртта юртдошимизга доимгидай ҳеч ким эътибор қаратмади.

Ўша инсонни биргина нотўғри гапи билан ҳамма бир тийинга эътибор қаратди. У одам ва уни гапи ҳақида алоҳида тўхталарман.

Ҳозир эса ўша ариза ёзиб галстуклик қаҳрамонни чақирган, квартирасига пул топа олмай, еб-ичгани бошқалардан қарз олиб яшаётган минглаб одамлар тилидан янграган ўша йигирмата одам ердан чиққан қўзиқоринми? Ўша йигирма одам ва уларга ўхшаган минглаб, балки, миллионлаб ватандошларимизни одамга ўхшаб яшашга ҳақи борми? Уларда ҳуқуқ деган нарса борми?

Ўзбекистон республикаси паспортига “Ўзбекистон паспортига эга шахслар давлат ҳимоясидадир“, дейилган. Аммо нима учун миллионлаб инсонлар тақдирига бефарқ қаралади? Нима учун уларни ҳуқуқи ҳимоя қилинмайди? Ҳар йили қурилишларда юзлаб одамлар ўлаётгани, уларни ҳақ ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаётганини кимдир гапирадими?

Ҳар куни ҳуқуқсиз ўзбеклар бекордан бекорга Россия “обезянкаларида“ соатлаб, баъзида суткалаб вақтини ўтказаётганидан бу давлат эгаларини, катталарини хабари борми?

Ўзбекни қаерда кўрмасин тўхтаб, қувлаб пул талаб қиладиган ўрисни полицияси бу “чорнийларни“ ҳеч қандай ҳимояси йўқлигини билгани учун, бу қулларга қараганда 500 рублни кўргани учун шундай қилишини бирорта юрист, бирорта ҳуқуқбон, бирорта депутат гапира оладими?

Ёшларни қул каби сотиб олиб, ўрмонларга олиб бориб ишлатаётган руслар устидан бирор марта жиноий иш қўзғатиш учун ёшлар ҳимоячиси бўлган уюшган ёшлар иттифоқи бирор ҳаракатни амалга оширдими?

Минг эмас, юз минг эмас, миллионлаб одам, тушуняпсизми? Миллионлаб одам қул каби ҳаёт кечирмоқда. Сизни номингиз давлатми, органми, подшоҳми, вазирми, парламентми билмайман. Бу ишларга ким жавобгар эканлигини ҳам билмайман. Аммо бир нарсани аниқ биламан. Сизлар у инсонларни ҳақини еб ётганларинг учун улар ўша ҳаётда яшамоқдалар. Кун эмас, ой эмас йиллаб, ўн йиллаб ҳаётларини мутлақо ҳимоясиз ҳолатда, фарзанд ва оилаларидан узоқда ўтказишмоқда.

Қачонгача миллионлаб инсонлар ҳаётига панжара ортидан қаралади?

Бизчи, биз? Бир тийин, деб бир тийинлик одамни гапини муҳокама қилиб, ҳуқуқи поймол бўлиб, квартирасига пул топа олмай февраль ойида кўчада қолган ўзбек, миллатдош, ватандошларимиз бўлган ўша инсонлар тақдирини муҳокама қилдикми? Муаммо ҳақида ёзиб, уни ечимлари ҳақида таклифлар кирита олдикми?

Ҳақини еган давлатни, порахўрларни, хуқуқбонларни, амалдорларни айблай олмай, барча айбни Одил Аҳмедовга ағдарган у одам билан, йигирмата ватандоши қул каби ишлаб, ўз ҳақини ололмаганини била туриб, ўша ватандошларига эмас, бир тийинлик акага эътибор қаратган бизни ўртамизда қанчалик фарқ бор? У ҳам асосий айбдорларни четлаб, бошқани айблади. Биз ҳам асосий мавзу қолиб, бир тийинлик одамни бир тийинлик гапи муҳокамасига киришиб кетдик.

Қорни тўқ, иссиққина уйида ўтирган одамларга қорни оч, қул каби ҳор, ҳеч қандай ҳуқуқсиз инсонлар ҳаёти бир тийин.

Саййид Ислом

Манба: facebook.com

Тавсия этинг:

Related Posts

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Сўнгги хабарлар

UzbekFM video

Қирим турклари сургуни (tr) Ҳайдар Жамол: "Эрцгерцог ролида - ҚИРИМ"

Еmail-Oбуна

Архив

TUNEIN UZBEK.FM